Дамашқ суди Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни мамлакатдаги фуқаролар уруши даврида ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларни содир этганликда айблаб, сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Суриянинг SANA агентлиги ва France24 нашри хабар бермоқда.

Шунингдек, Асаднинг амакиваччаси, Даръа вилоятидаги норозилик намойишларини бостиришга раҳбарлик қилганликда айбланган Сурия армиясининг собиқ бригада генерали Атиф Нажиб ҳам айни жазога маҳкум этилди. У 2025 йил январ ойида ҳибсга олинган ва суд унинг иштирокида ўтказилган.

Бундан ташқари, Асаднинг яна етти нафар сафдоши ўлим жазосига ҳукм қилинди. Улар ҳам собиқ президентнинг ўзи каби сиртдан судланган. Бу шахслар қасддан одам ўлдириш ҳамда ўлимга олиб келган қийноқларни қўллашда айбдор деб топилган.

Сурияни 2000 йилдан бери бошқариб келган Башар Асад 2024 йил декабрида ҳокимиятдан ағдарилди. Асаднинг ўзи оиласи ва укаси Моҳир билан бирга Россияга қочиб кетди. The Guardian нашрининг ёзишича, Асадлар оиласи Москвада ҳашаматли ҳаёт кечирмоқда, бироқ унинг ўзи яккалаб қўйилган — унга Сурия ёки Россия элитаси билан алоқа қилишга рухсат берилмаяпти.