Россияда 10 августдан бошлаб чет эл фуқароси томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (НДФЛ) бўйича аванс тўлови амалга оширилмаган тақдирда, унинг патентини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида автоматик равишда қарор қабул қилувчи хизмат ишга туширилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот марказига таяниб хабар берди.
Идоранинг қайд этишича, Россияда патент асосида ишлаётган хорижликлар ҳар ой аванс тўловини тўлаши шарт. Ушбу тўлов тўланмаганда патентнинг амал қилиши тўхтатилади. Шунингдек, ИИВ мигрант учун солиқ тўлайдиган учинчи шахсларга тўловнинг мақсади қисмида унинг тўлиқ маълумотлари: фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва СТИР кўрсатишни тавсия қилди — бу ахборот тизимларида тўловларни тўғри ҳисобга олиш учун зарур.
Агар мигрант патентни бекор қилиш тўғрисидаги қарорга рози бўлмаса, у НДФЛ тўлангани ҳақидаги квитанцияларнинг асл нусхаларини тақдим этган ҳолда, ҳужжатни берган ИИВ ҳудудий органига мурожаат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2027 йил 1 январдан Россияда хорижий ишчиларга нисбатан талаблар кучайтирилади: улар ўзини ва қарамоғидаги оила аъзоларини боқиш учун етарли даромадга эга эканини тасдиқлаши керак бўлади, акс ҳолда патент ёки ишлашга рухсатнома муддати узайтирилмайди.
Вақтинча яшашга рухсатнома (РВП) ва яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) бекор қилиш учун асослар кенгайтирилмоқда, мигрантларнинг фарзандлари мамлакатда бўлишининг янги қоидалари ва НДФЛ бўйича қўшимча аванс тўловлари, жумладан, жисмоний шахслар қўлида ишловчилар учун ҳам жорий этилмоқда. Шу билан бирга, солиқ органлари 2026 йил 1 октябрдан бошлаб мигрантларнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигига тақдим этишни бошлайди.











