Президент Шавкат Мирзиёевга 13 август куни «Янгийўл тажрибаси» асосида ҳудудларда истеъмолчиларни ёнилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш, тармоқлардаги йўқотишлар ва дебиторлик қарздорлигини камайтириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Аввалроқ мазкур тажриба асосида ҳар бир ҳудуддан биттадан танлаб олинган 14 та туманда намунавий тизим яратиш вазифаси белгиланган эди. Ишлар «маҳаллабай» ташкил этилиб, 916 та маҳалла, 832 мингта хонадон, 49 мингта тадбиркорлик субъекти ва 2,2 мингдан ортиқ ижтимоий соҳа объекти қамраб олинди.
Ҳар бир маҳалла бўйича энергетик паспорт ва энергия ресурсларига талаб баланси шакллантирилди. Натижада 265 та маҳаллада 60 мегаватт электр қуввати, 42 та маҳаллада эса йилига 47 миллион куб метр табиий газ тақчиллиги мавжудлиги аниқланди. Шу билан бирга, 207 та маҳаллада қувват захираси борлиги маълум бўлди.
Ўрганишлар давомида 14 та туманда 5 минг 695 та трансформатор, 6,9 минг километр электр тармоғи, 242 километр газ тармоғи ва 404 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирталаб экани аниқланган.
Ҳозирга қадар 441 та трансформатор, 1 минг 134 километр электр тармоғи, 88 километр газ тармоғи ҳамда 92 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси беш йилда мазкур туманларда энергия ресурсларига талаб 49 фоизга ошиши кутилмоқда. Шу боис аҳоли ва тадбиркорларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлашга қаратилган беш йиллик дастур ишлаб чиқилди.
Дастурга мувофиқ, 721 та маҳаллада 2 минг 261 та трансформатор ва 7 минг 449 километр электр тармоғи янгиланади. Шунингдек, 200 та маҳаллада 313 та газ тақсимлаш қурилмаси ва 327 километр газ тармоғини янгилаш белгиланган.
Ушбу ишлар натижасида ҳудудларда қўшимча 1 минг 300 мегаватт ўтказувчанлик қуввати яратилиши режалаштирилмоқда.
Президент 14 та туманда қўлланган ёндашувни республиканинг барча туманларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга барча ҳудудларда ишларни «маҳаллабай» ташкил этиш, энергетик паспортлар ва энергия истеъмоли балансини шакллантириш, тармоқлар ҳолатини манзилли ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.











