1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро 2017 йилда Жанубий Корея Республикасидаги нуфузли университетлардан бирига ўқишга кирган.

Маълум қилинишича, хорижда таҳсил олиш даврида у ижтимоий тармоқлар орқали турли ғояларни тарғиб қилувчи шахсларнинг аудио ва видеоматериалларини кузатиб борган. Шунингдек, Суриядаги қуролли тўқнашувлар акс этган видеолар таъсирида радикал ғояларга мойил бўла бошлаган.

Кейинчалик у Instagram ва Telegram орқали Сурия ҳудудида фаолият юритган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ҳамда «Ғуроба катибаси» террористик ташкилотларига алоқадор шахслар билан мулоқотга киришган ва уларга тегишли материалларни тарқатган.

Университетни тамомлаганидан сўнг ҳам Жанубий Кореяда қолган фуқаро «Ғуроба катибаси» террористик ташкилоти медиа блогерининг интернет орқали қилган даъватларига ишониб, унга пул маблағлари юборган.

2023 йил декабрида у Ўзбекистонга қайтиб келган. 2024 йил июл ойида эса Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Туркияга борган, бироқ режасини амалга ошира олмай ортга қайтган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Суд ҳукми билан у Жиноят кодексининг 244¹, 244², 155² ва 155³-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.