Украина Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардан ғаллани ноқонуний олиб чиқиш билан боғлиқ 13 та кема ва 28 та компанияга нисбатан санкциялар жорий этди. Тегишли фармонни Украина президенти Володимир Зеленский 14 август куни имзолади.

Ҳужжат билан Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Украина ғалласини ноқонуний олиб чиқишга алоқадор шахслар, кемалар ва компанияларга қарши санкциялар қўллаш тўғрисидаги қарори кучга киритилди.

Санкциялар рўйхатига Россия байроғи остида сузувчи 8 та, Панама байроғи остидаги 3 та, Белиз ҳамда Сент-Китс ва Невис байроқлари остидаги биттадан кема киритилган. Шунингдек, Россиянинг 11 нафар фуқароси ва 28 та юридик шахсга нисбатан ҳам чеклов чоралари белгиланган.

Киев санкцияларни бошқа давлатлар билан мувофиқлаштирмоқчи

Украина президенти офиси маълумотига кўра, Киев санкцияларни бошқа мамлакатлар юрисдикцияларида ҳам мувофиқлаштириш мақсадида иттифоқчи давлатларга зарур маълумотларни тақдим этишни режалаштирмоқда.

Украина томонининг асосий мақсади — Россия назоратидаги ҳудудлардан олиб чиқилган ғалланинг халқаро бозорга кириб боришига йўл қўймаслик.

Президентнинг санкция сиёсати бўйича вакили Владислав Власюкнинг таъкидлашича, вақтинча босиб олинган ҳудудлардан Украина ғалласини ноқонуний олиб чиқишга алоқадор барча томонлар жавобгарликка тортилиши керак.

Унинг сўзларига кўра, бу нафақат маҳсулотни ташиш ёки сотиш билан шуғулланган компаниялар ва уларнинг эгаларига, балки кема капитанлари ҳамда бевосита ташишда фойдаланилган кемаларга ҳам тааллуқли.

Украина бундан аввал ҳам шу каби чеклов чораларини жорий қилган. Хусусан, 2025 йил ноябрида 56 та кема санкциялар рўйхатига киритилган эди.

Киев маълумотига кўра, мазкур кемалар Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кейин Россия назоратидаги портларга ноқонуний равишда кириб, у ердан буғдой, кунгабоқар уруғи ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини олиб чиққан.