Президентнинг «Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари бир қатор талабларга мувофиқ бўлиши лозим.
Хусусан, муддатли тўлов хизмати объектининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан ошмаслиги белгиланди.
Шунингдек, шартномада муддатли тўлов хизмати операторининг комиссия (устама) тўловлари ҳамда товар, иш ёки хизматнинг якуний қийматига киритиладиган бошқа тўловлар алоҳида кўрсатилиши шарт.
Муддатли тўлов хизмати бўйича асосий қарздан ташқари барча тўловлар, жумладан, воситачилик ҳақлари, неустойка, жарима, пеня ва бошқа жавобгарлик чораларининг умумий миқдори йилига муддатли тўлов миқдорининг ярмидан кўп бўлиши мумкин эмас.
Истеъмолчи муддатли тўлов суммасини исталган вақтда тўлиқ ёки қисман қўшимча жарима, пеня ва комиссияларсиз муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқига эга бўлади.
Бундан ташқари, муддатли тўлов хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича истеъмолчи мажбуриятининг энг кўп муддати шартнома тузилган кундан бошлаб 12 ой этиб белгиланди.
Шу билан бирга, 2027 йил 1 январдан қиймати БҲМнинг 3 бараваригача бўлган товар истеъмол кредити шартномалари ва уларнинг ижро этилиши ҳолати ҳақидаги маълумотларни кредит бюроларига тақдим этиш талаб қилинмайди.







