Москва мэри Сергей Собянин 18 август куни эрта тонгда Telegram орқали маълум қилишича, душанба — 17 август кечқурундан сешанба куни соат 05:00 гача Москва вилояти ҳудудида 180 дан ортиқ учувчисиз учиш аппарати уриб туширилган.
Унинг сўзларига кўра, шу вақт мобайнида Москва минтақаси томон жами 620 та дрон учган. Собянин дронлар қайси объектларни нишонга олган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот бермаган.
Айни пайтда, «Осторожно, новости» Telegram-канали ўз ўқувчиларига таяниб, тун давомида Москва вилоятининг Ногинск, Железнодорожний ва Электростал ҳудудларида кўплаб портлаш овозлари эшитилганини хабар қилди. Шунингдек, Павловский Посад ҳудудида ҳам кўп сонли дронлар кузатилгани айтилмоқда.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробёвнинг маълум қилишича, Раменское округида дроннинг хусусий уй устига қулаб тушиши оқибатида 10 ёшли қиз қўлидан парча жароҳати олган. У шифохонага ётқизилган.
Богородский округида бир аёлга тиббий ёрдам кўрсатилган. Коломнада эса 27 ёшли эркак жароҳатланган.
Коломнада дрон қолдиқлари қулаб тушиши натижасида «Глобус» савдо маркази яқинидаги савдо павилонида ёнғин чиққан. Бундан ташқари, Москва вилоятининг Богородский округидаги «Атлант-парк» ҳудудида жойлашган Wildberries омборига ҳам дрон келиб урилгани хабар қилинди.
Ҳужум фонида Москва аэропортлари фаолиятига ҳам чекловлар киритилди. Россия авиацияси федерал агентлиги — Росавиация Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва учиришга вақтинчалик чекловлар жорий этилганини маълум қилди.
Шереметево аэропорти атрофидаги ҳаво ҳудудидан фойдаланишга ҳам чекловлар қўйилган. Бироқ аэропортда рейсларни қабул қилиш ва жўнатиш тегишли идоралар билан келишилган ҳолда давом эттирилган.
Украинанинг Exilenova+ мониторинг Telegram-канали эса Москва вилоятида дронлар ҳужуми ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаётгани акс этгани айтилган видеоларни тарқатди.
Айрим видеолар ва хабарларга қараганда, Москва вилоятининг Котелники шаҳридаги «Дюна» турар жой мажмуаси ҳам ҳужум оқибатида зарар кўрган бўлиши мумкин. Мазкур турар жой мажмуаси Москва нефтни қайта ишлаш заводидан тахминан беш километр шарқда жойлашган.
Москва нефтни қайта ишлаш заводи сўнгги вақтларда бир неча бор Украина дронлари ҳужуми нишонларидан бири бўлган. Котелники ҳудудида портлашлар эшитилгани ҳақида «Осторожно, новости» Telegram-канали ҳам хабар берган.
Ҳозирча Москва нефтни қайта ишлаш заводининг ўзига зарар етгани ҳақида тасдиқланган маълумот келтирилмаган.









