DW хабарига кўра, Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ҳужум Украина ғарбида содир бўлганини маълум қилган. Кейинроқ хавф сигнали бекор қилиниб, самолётлар базага қайтган, ҳаво мудофааси тизимлари эса кузатув ва кутиш режимига ўтган.

Полша аэронавигация хизмати агентлиги — PANSA маълумотига кўра, ҳарбий авиациянинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш учун мамлакат шарқидаги Люблин ва Жешув аэропортлари фаолияти тахминан 40 дақиқага тўхтатилган.

Терминалга киришдаги назорат биноси шикастлангани хабар қилинди

Волин вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Роман Романюк Shahed дрони ҳужуми оқибатида портлаш тўлқини терминалга киришдаги назорат-ўтказиш пункти биносига зарар етказганини билдирган.

Унинг маълум қилишича, жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида хабар келиб тушмаган.

Айни пайтда, Украина Давлат чегара хизмати вакили Андрей Демченко DWʼга берган изоҳида Полша билан чегарадаги ўтказиш пункти шикастланмаганини айтган.

Россия дронлари сентябрь ойида ҳам Полшага чегарадош Украина ҳудудларига зарба берган эди. Хусусан, 13 сентябр куни бир дрон чегара яқинидаги ёқилғи қуйиш шохобчасига, бошқаси эса Ягодин станциясидаги Киев — Варшава йўловчи поезди локомотивига урилган.

17 сентябр куни ҳам яна бир зарба қайд этилган. Полша бош вазири Доналд Туск ўшанда, эҳтимол, ёнилғи қуйиш шохобчаси яна ҳужумга учраганини айтган.

Полша ҳаво нишонларига ўт очиш тартибини ўзгартирмоқчи

28 сентябрдаги ҳужумдан бир неча соат аввал Полша мудофаа вазири ўринбосари Цезарий Томчик мамлакат ҳаво ҳудудида хорижий учиш аппаратлари кутилмаганда пайдо бўлган тақдирда ҳаракат қилиш тартиби ўзгартирилишини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, бундай нишонга ўт очиш учун уни кўз билан кўриб аниқлаш шартидан воз кечиш режалаштирилмоқда. Бунинг ўрнига нишон хусусиятини етарлича юқори ишонч билан аниқлаш имконини берадиган маълумотлар мажмуасига таяниш таклиф этилмоқда.