20 августга ўтар кечаси Россия қўшинлари Киевга баллистик ракеталар билан зарба берди. Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган ва 23 киши турли даражада жароҳатланган.
Аввалроқ Киев мэри Виталий Кличко уч киши ҳалок бўлгани ва 20 киши жабрлангани ҳақида хабар берган эди. Унинг маълум қилишича, жабрланганларнинг 14 нафари шифохонага ётқизилган, қолганларга амбулатор шароитда ёки ҳодиса жойининг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилган.
Киевнинг Соломенский туманида ракета парчалари беш қаватли турар жой биноси яқинига тушган. Бинонинг деразалари синган ва ҳудудда ёнғин келиб чиққан.
Шунингдек, тўққиз қаватли турар жой биноси ҳам зарбадан зарар кўрган. Кличконинг сўзларига кўра, уйнинг юқори қаватлари вайрон бўлган.
Яна бир манзилда одамлар бошпанада қамалиб қолгани хабар қилинди. Қутқарувчилар уларга ёрдам кўрсатиш ишларини олиб борган.
Соломенский туманидаги болалар шифохонаси биноси ҳам шикастланган. Тиббиёт муассасаси ҳудудида бир нечта автомобил ёниб кетган.
Киевнинг Дарницкий ва Святошинский туманларида эса нотурар жой биноларида ёнғинлар қайд этилган.
Украина Telegram-каналлари Киев вилоятининг Бровари шаҳридаги омборларга ҳам зарба берилгани ҳақида хабар тарқатмоқда. Бу маълумотлар бўйича расмий тафсилотлар ҳозирча келтирилмаган.









