Германиянинг BMW компанияси Чендудаги автосалонга Хитой бозори учун махсус ишлаб чиқилган iX3 кроссоверининг узайтирилган версиясини олиб борди. CarNewsChina хабарига кўра, автомобил уч хил комплектацияда 269 900 юандан 339 900 юангача бўлган нархда сотувга чиқарилган (2026 йил 21 август ҳолатига кўра 476 млн - 600 млн сўм).

“Хитойча” BMW iX3’нинг европалик “оға-ини”сидан асосий фарқи ғилдирак базасининг узайтирилгани (3 метрдан ортиқ) ва маҳаллийлаштирилган дастурий таъминотидир. Ташқи кўринишидан моделлар деярли фарқланмайди. Узайтирилган кроссовер тор “бурун тешиклари”га эга сохта радиатор панжараси, йирик орқа диффузор, ярим яширин эшик тутқичлари ва алоҳида орқа чироқлар билан жиҳозланган.

Салонда жисмоний тугмалар сони минимал даражага келтирилган, асбоблар панели вазифасини эса олд ойна бўйлаб тўлиқ жойлашган узунчоқ экран бажаради. Шунингдек, автомобил ғайриоддий шаклдаги улкан мультимедиа тизими дисплейи билан жиҳозланган — у ҳайдовчи томонига бироз қияроқ ўрнатилган.

Кроссовернинг Хитой учун мўлжалланган базавий версияси 265 от кучига эга битта электромотор билан жиҳозланган. Бундай BMW iX3 100 км/соат тезликка 6,8 сонияда эриша олади. Бир зарядда босиб ўтадиган масофаси 630 км ни ташкил этади.

Шунингдек, моделнинг умумий қуввати 374 от кучига эга иккита электр двигателли модификацияси ҳам мавжуд. Бир заряд билан автомобил қарийб 700 км масофани босиб ўтиши мумкин. Унинг 100 км/соатгача тезланиши 5,6 сонияни талаб этади. Кроссовернинг топ версияси 469 от кучи қувватга эга. Бир зарядда автомобил 900 кмгача масофани босиб ўта олади.