BMW компанияси iX3 ва i3 моделлари билан бир қаторда Neue Klasse туркумидаги учинчи модел бўлган янги iX4 электр кроссоверини эълон қилди. Янги автомобилнинг ўзига хос жиҳати — бренднинг анъанавий кроссоверларига нисбатан том қисмининг қияроқ тушган чизиғидир. Стандарт талқинда автомобил М Sport услубидаги безакларга эга бўлади.

iX4 50 xDrive модели 2027 йил март ойида сотувга чиқарилади. АҚШ ҳудудидаги бошланғич нархи 66 200 долларни (тахминан 780 млн сўм) ташкил этади, деб аниқлик киритди Carscoops нашри. Ишлаб чиқариш Дебрецен (Венгрия) шаҳридаги BMW заводида йўлга қўйилади.

Сотувлар бошланган илк даврда барча жамланмалар тўлиқ тақдим этилмайди.

iX4 50 xDrive техник тавсифлари

  • Двигател: иккита электромотор, тўлиқ ғилдиракли узатма (AWD); қуввати — 463 от кучи (345 кВт), айланма лаҳзаси — 644 Н·м.

  • Динамикаси: 0–96 км/соат тезланиш — 4,7 сония, максимал тезлиги — 209 км/соат.

  • Батарея ва юриш захираси: фойдали сиғими — 112,2 кВт·соат, ҳисобланган максимал юриш захираси — 689 км.

  • Қувватлаш: 800 волтли архитектура, 400 кВт гача бўлган DC тезкор қувватлашни қўллаб-қувватлайди. Қулай шароитларда 10 дақиқада юриш захирасини 296 км гача тўлдириш мумкин; 10 дан 80 фоизгача қувватлаш 21 дақиқа вақт олади. Шунингдек, икки йўналишли қувватлаш тизими ҳам мавжуд.

Кейинроқ, 2027 йилда қуввати оширилган iX4 М60 xDrive модификациясининг тақдимоти кутилмоқда. Модел умумий қуввати 612 от кучига тенг двигателлар билан жиҳозланади, электромобил 100 км/соат тезликка эса 3,7 сонияда эришади.

iX4 М60 модели М мослашувчан подвескаси, M Sport электрон орқа дифференциали, такомиллаштирилган шасси созламалари ҳамда стандарт 21 дюймли ғилдираклар билан таъминланади. Қўшимча опция сифатида BMW пойга автомобилларидан илҳомланган сариқ рангли чироқлар таклиф этилади.