Россия Ички ишлар вазирлигининг қидирув базасида 20 август куни FAZ журналисти Михаэл Мартенс ҳақидаги маълумот пайдо бўлди.
Вазирлик базасида журналист Россия Жиноят кодекси моддаси бўйича қидирилаётгани кўрсатилган, бироқ айнан қайси модда экани очиқланмаган.
Аввалроқ Россия ОАВ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаларига таяниб, Мартенсга нисбатан нафрат ёки адоват қўзғатиш айблови сиртдан қўйилганини хабар қилган эди. Гап Россия Жиноят кодексининг 282-моддаси 2-қисми ҳақида бораётгани айтилган.
Шунингдек, тергов яқин вақт ичида суддан журналистни сиртдан ҳибсга олишни сўрашни режалаштираётгани хабар қилинди.
Белграддаги савол можарога сабаб бўлди
Жиноий ишга 8 август куни Белградда Сербия президенти Александр Вучич ва Украина президенти Володимир Зеленский иштирокида ўтказилган қўшма матбуот анжуманидаги ҳолат сабаб бўлган.
Матбуот анжуманида Мартенс Зеленскийдан инглиз тилида европаликлар Украинага «кўпроқ россияликларни ўлдириш» учун қандай ёрдам бериши мумкинлигини сўраган. Журналист дарҳол ўз гапига аниқлик киритиб, «албатта, россиялик аскарларни», дея қўшимча қилган.
Савол Украина Қуролли кучлари арсеналини қандай кенгайтириш ва Россияни музокараларга ундаш мумкинлиги ҳақидаги муҳокама пайтида берилган. Мартенснинг ифодаси Сербия президенти Александр Вучичнинг ҳам ҳайратига сабаб бўлган.
FAZ матбуот котиби журналист аслида экспертлар ўртасида муҳокама қилинаётган — Россия армияси учун шахсий таркиб билан боғлиқ қийинчиликларни қандай юзага келтириш ва шу орқали Москвани тинчлик музокараларига ундаш мумкинлиги ҳақидаги масалани назарда тутганини тушунтирган.
FAZ савол «ноаниқ» янграганини тан олди
FAZ таҳририяти журналистнинг саволи юзасидан афсус билдириб, унинг ифодаси «ноаниқ» янграганини қайд этган. Газета таҳририяти Россия ҳарбийларини имкон қадар кўпроқ ўлдиришга чақирмаслигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, FAZ Украина халқаро ҳуқуқ билан кафолатланган ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқига эга эканини қўллаб-қувватлашини ва Россиянинг Украинага қарши урушини имкон қадар тезроқ тугатиш тарафдори эканини билдирган.
Нашр матбуот хизмати, шунингдек, сўз эркинлиги, айниқса матбуот анжуманларида, савол бериш ҳуқуқини ҳам ўз ичига олишини таъкидлаган.
Германия Журналистлар уюшмаси (DJV) ҳам Мартенснинг Россияда жиноий таъқиб қилинишига қарши чиқди. Ташкилот раиси Мика Бойстер Москвада немис журналистига қарши «кўргазмали суд жараёни» ўтказилишига йўл қўймаслик кераклигини айтди.









