Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистоннинг умумий экспорт ҳажми 15,9 млрд АҚШ долларини ташкил қилган.

Экспорт йўналишлари бўйича Россия биринчи ўринни эгаллади. Январ–июн ойларида Ўзбекистондан Россияга 2,4 млрд долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинган.

Иккинчи ўринда Хитой қайд этилган — ушбу мамлакатга экспорт ҳажми 1,4 млрд долларни ташкил қилди. Афғонистон 961,5 млн долларлик кўрсаткич билан учинчи ўринни эгаллаган.

Кейинги ўринларда Қозоғистон — 717 млн доллар, Франция — 707,2 млн доллар ва Ҳонгконг — 543,1 млн доллар билан қайд этилган.

Шунингдек, Туркияга 516,2 млн доллар, Қирғизистонга 452,7 млн доллар, Бирлашган Араб Амирликларига 353,4 млн доллар ҳамда Тожикистонга 333,3 млн долларлик экспорт амалга оширилган.

Умуман, экспорт ҳажми энг юқори бўлган ушбу 10 та давлат ҳиссасига Ўзбекистон умумий экспортининг 52,8 фоизи тўғри келган. Бошқа давлатлар ҳиссаси эса 47,2 фоизни ташкил этган.

Шу тариқа, Россия Ўзбекистоннинг энг йирик экспорт бозори бўлиб қолмоқда. Унинг ўзи мамлакат умумий экспортининг қарийб 15 фоизини ташкил этган. Россия, Хитой ва Афғонистоннинг жами улуши эса умумий экспортнинг қарийб 30 фоизига тенг.