«Кўнгиллилар коалицияси» кузда йирик ҳарбий машғулотлар ўтказади
|12:16 / 25.08.202612 0157 мин
Украина Мустақиллиги куни муносабати билан Киевда «Кўнгиллилар коалицияси» саммити бўлиб ўтди. Унда 30 та ҳамкор давлат етакчилари иштирок этди. Украина янги ҳарбий ва энергетик ёрдам пакетларини олди, Patriot тизимлари учун ракеталар етказиб бериш, дронлар учун маблағ ажратиш ва узоқ масофали ракеталар технологияларини бериш масалалари муҳокама қилинди. Бироқ Украина учун реал ва узоқ муддатли хавфсизлик кафолатларини яратиш масаласи ҳамон очиқ қолмоқда.
Фото: REUTERSФото: REUTERS
«Кўнгиллилар коалицияси» Буюк Британия ва Франция ҳамраислигида тузилган бўлиб, унинг асосий мақсадларидан бири Россиянинг ҳарбий агрессиясига қарши Украинага ёрдам бериш ва мамлакат учун амалий хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Киевдаги учрашувда 30 та ҳамкор давлат раҳбарлари иштирок этди. Айрим етакчилар Украина пойтахтига шахсан келган бўлса, бошқалари музокараларга видеалоқа орқали қўшилди.
Киевга Буюк Британия бош вазири Энди Бёрнем, Европа кенгаши раиси Антониу Кошта, Финландия президенти Александр Стубб, Литва президенти Гитанас Науседа, Швеция ташқи ишлар вазири Мария Малмер Стенергард, Латвия бош вазири Андрис Кулбергс, Люксембург бош вазири Люк Фриден ва Молдова президенти Майя Санду келди.
Франция президенти Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Фридрих Мерц учрашувда видеалоқа орқали иштирок этди.
Саммит якунлари бўйича Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат ҳарбий ва энергетик ёрдам пакетларини олганини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ҳамкорлар Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш эса асосий устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Patriot учун янги ракеталар
Учрашувда муҳокама қилинган асосий масалалардан бири Украина ҳаво мудофаасини қиш мавсуми олдидан кучайтириш бўлди.
Хусусан, Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун янги ракета-тўсувчилар етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Украина Мудофаа кучларини молиялаштиришдаги 27 миллиард долларлик тақчилликни бартараф этиш, Қора денгиздаги вазиятни яхшилаш ва Freyja баллистик ракеталарга қарши мудофаа лойиҳасини тезлаштириш саммитнинг асосий мавзулари қаторида бўлди.
Британия Украинага ракета технологияларини беради
Буюк Британия бош вазири Энди Бёрнем учун Киевга ташриф ушбу лавозимдаги биринчи хорижий сафар бўлди.
Бёрнем Украинага Россия ракета зарбаларига қарши курашиш имкониятларини оширадиган технологияларни беришга ваъда қилди.
Мавзуга оид
Хусусан, Буюк Британия Украина ҳудудида узоқ масофали ракеталар ишлаб чиқариш учун зарур технологияларни тақдим этишга розилик берган.
Лондон Европанинг MBDA мудофаа компаниясига Украина билан SCALP қанотли ракеталарида қўлланадиган Британия компонентлари ҳақидаги махфий маълумотларни бўлишишга рухсат берган.
SCALP — Британиянинг Storm Shadow қанотли ракетасининг Франция версияси ҳисобланади.
Бироқ бу келишув Украина яқин вақт ичида бундай ракеталарни катта миқдорда мустақил ишлаб чиқара бошлайди, дегани эмас.
Defense Express бош муҳаррири Олег Катковнинг фикрича, сиёсий қарор қабул қилиниши билан ҳақиқий серияли ишлаб чиқаришни бошлаш ўртасида катта технологик ва ташкилий фарқ мавжуд.
Бунинг учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратиш, зарур компонентларни етказиб бериш занжирини йўлга қўйиш, технологияларни ўзлаштириш ва серияли ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш керак бўлади.
«Ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ишга тушириш йиллар талаб қилади», — дея таъкидлаган эксперт DW нашрига.
Шу сабабли, унинг фикрича, мазкур келишув қисқа муддат ичида фронтдаги вазиятни кескин ўзгартириши қийин.
Шунга қарамай, эксперт келишувни ижобий баҳолаган. Унинг таъкидлашича, SCALP ракеталаридан фойдаланиш тажрибаси ҳатто бундай қуролларнинг чекланган миқдори ҳам муҳим нишонларга зарба беришда аҳамиятли бўлиши мумкинлигини кўрсатган.
Хавфсизлик кафолатлари яна кун тартибида
Саммитда Украина учун урушдан кейинги хавфсизлик кафолатлари масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Франция президенти Эммануэл Макрон 2026 йил октябр–ноябр ойларида «Кўнгиллилар коалицияси» иштирокида кенг кўламли қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилишини маълум қилди.
Макрон бу машғулотларни Украина учун урушдан кейинги хавфсизлик кафолатлари билан боғлади.
Унинг сўзларига кўра, машғулотлар коалициянинг операцияларга тайёрлигини ва жанглар тўхтатилганидан кейин ҳаракат қилиш қобилиятини намойиш этади.
Франция президенти бу масала Украина келажакда музокараларни бошлашга қарор қилган тақдирда, эҳтимолий келишувларнинг муҳим элементларидан бири бўлишини таъкидлади.
Украина Миллий стратегик тадқиқотлар институти Ташқи сиёсат тадқиқотлари маркази бош маслаҳатчиси Иван Ус саммитнинг муҳим натижаларидан бири сифатида хавфсизлик кафолатлари мавзуси унутилмаганини кўрсатди.
Унинг фикрича, баъзи вақтларда «Кўнгиллилар коалицияси» фаолияти иккинчи планга тушиб қолгандек кўринган, аммо Киевдаги йиғилиш бу масала ҳамон долзарб эканини намоён қилди.
Саммит катта бурилиш ясадими?
Айрим экспертлар Киевдаги учрашув Украина учун муайян амалий натижалар берганини тан олса-да, уни хавфсизлик кафолатлари бўйича жиддий бурилиш деб баҳолашга ҳали эрта эканини айтмоқда.
«Украинская призма» таҳлилий маркази эксперти ва Киев-Могилян академияси ўқитувчиси Александр Краевнинг фикрича, асосий муаммо коалицияга аъзо давлатларнинг сиёсий баёнотлардан аниқ ҳаракатларга ўтишга қай даражада тайёр экани билан боғлиқ.
Энг муҳим саволлардан бири — эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин Европа давлатлари Украинага ҳарбий контингент юборишга тайёрми ёки йўқ.
Буюк Британия ва Франция бундай имкониятни кўриб чиқишга тайёр эканини аввал ҳам билдирган.
Краевнинг қайд этишича, Лондон ва Париж тахминан бир ярим йил аввал ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан кейин Украинада доимий асосда ҳарбий контингент жойлаштириш имконияти ҳақида гапирган.
Ҳатто жанглар тўлиқ тугамасидан аввал ҳам бундай кучларни жойлаштириш эҳтимоли муҳокама қилинган.
Бироқ экспертнинг фикрича, ўтган вақт мобайнида бу йўналишда сезиларли силжиш кузатилмаган. Шу сабабли саммитни тўлиқ муваффақият деб баҳолашга ҳали эрта.
Украина учун ҳамкор давлатларнинг сиёсий баёнотлари аниқ ва ишлайдиган хавфсизлик механизмларига айланиши муҳим бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, Краев қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказиш бўйича келишувни ижобий баҳолаган. Унинг фикрича, бу кейинчалик ривожлантириш мумкин бўлган аниқ ва амалий ҳамкорлик шаклидир.
Россия учун сигнал
Иван Уснинг фикрича, Киевдаги саммитни фақат Украина Мустақиллиги кунига бағишланган рамзий тадбир сифатида баҳолаш нотўғри.
Унинг таъкидлашича, учрашувда Украинани қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.
Эксперт бундай ҳаракатларни Россия учун ҳам муайян сигнал деб баҳолаган. Унинг фикрича, баллистик ракеталар каби таҳдидларга қарши курашга эътибор кучайтирилиши ва Европа мудофаа-саноат мажмуасининг фаолроқ ишлаши Москва учун салбий сигнал бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, Киевдаги саммит Украинага янги ҳарбий ва энергетик ёрдам пакетлари, Patriot учун ракеталар, ракета технологиялари ва қўшма ҳарбий машғулотлар каби амалий натижаларни берди.
Бироқ Украина учун узоқ муддатли ва реал хавфсизлик кафолатларининг қандай ишлаши, Европа давлатлари ҳарбий контингент юборишга тайёр бўладими ва сиёсий ваъдалар қай даражада амалий механизмларга айланиши каби асосий саволлар очиқ қолмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, «Кўнгиллилар коалицияси»нинг навбатдаги йиғилиши сентябрь ойида бўлиб ўтади.