Жаҳон | 08:26 / 18.08.2025
5615
2 дақиқада ўқилади

«Кўнгиллилар коалицияси» Украинага тийиб туриш кучларини киритишга тайёрлигини билдирди

Коалиция ўт очиш тўхтатилганидан сўнг, Украинага хавфсизлик кафолатларини беришга тайёрлигини яна бир бор маълум қилди.

Фото: John Moore / Getty Images

«Кўнгиллилар коалицияси» ўт очиш тўхтатилгандан сўнг, хавфсизлик кафолатлари доирасида Украинага тийиб туриш кучларини дарҳол юборишга тайёрлигини расман тасдиқлайди. Бу ҳақда «Коалиция» етакчиларининг Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашуви якунлари бўйича Буюк Британия ҳукумати сайтида эълон қилинган баёнотда айтилади.

«Учрашув иштирокчилари Украинани доимо қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ва президент Зеленскийнинг Вашингтонда президент Трамп билан кейинги маслаҳатлашувлари арафасида адолатли ва мустаҳкам тинчликка интилишини юқори баҳолади».

«Етакчилар, шунингдек, президент Трампнинг Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга содиқлигини таъкидлади, бунда «Кўнгиллилар коалицияси» муҳим рол ўйнайди - жумладан, Украинадаги кўп миллатли кучлар ва бошқа чоралар орқали».

«Коалиция жанговар ҳаракатлар тўхтатилгандан сўнг тийиб туриш кучларини жойлаштиришга, шунингдек, Украина осмони ва денгизларини ҳимоя қилиш ва унинг қуролли кучларини тиклашга ёрдам беришга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади», дейилади баёнотда.

«Кўнгиллилар коалицияси» - бу асосан Европа давлатларининг кўнгилли бирлашмаси бўлиб, 2025 йил 2 мартдаги Лондон саммитидан сўнг Буюк Британия ва Франция бошчилигида ташкил этилган. Мақсад - Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва хавфсизлик кафолатлари нуқтаи назаридан НАТОга муқобилини таклиф қилиш.

Бу тузилма Европа Иттифоқи ёки НАТО каби доимий ташкилот эмас, балки Украинани ихтиёрий равишда қўллаб-қувватлашга тайёр бўлган давлатлар гуруҳидир. Мамлакатлар орасида: Франция, Буюк Британия, Германия, НАТО ва Европа Иттифоқи аъзолари, шунингдек, Австралия, Канада ва бошқалар бор.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид