Жаҳон | 14:43 / 25.02.2026
1319
2 дақиқада ўқилади

“Кўнгиллилар коалицияси” урушнинг 4 йиллигида Украинани қўллаб-қувватлади

Россиянинг Украинага тўлақонли бостириб кирганига тўрт йил тўлган куни “кўнгиллилар коалицияси”га кирувчи 30 дан ортиқ давлат етакчилари Украинага унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек Европанинг эркинлиги учун курашида “тўлиқ ва ўзгармас” қўллаб-қувватлашини билдирди. 

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Учрашув қисман онлайн форматда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Фридрих Мерц таклифи билан сешанба куни, 24 февралда бўлиб ўтди.

Украина президенти Володимир Зеленский билан юзма-юз учрашиш учун Киевга Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен, Европа кенгаши раиси Антониу Кошта, шунингдек Шимолий Европа, Болтиқбўйи давлатлари ва Хорватия етакчилари келди. Буюк Британия ҳукумати сайтидаги маълумотга кўра, учрашувда жами 30 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этган.

“Кўнгиллилар коалицияси” давлатлари вакиллари Россияни тинчлик музокараларида “мазмунли иштирок” этишга ва Украинада “тўлиқ ҳамда ҳеч қандай шартсиз ўт очишни тўхтатиш”га рози бўлишга чақирди. Киев иттифоқчилари Украинага кўп босқичли хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр эканини тасдиқлади, бу кафолатлар орасида АҚШ қўллаб-қувватлаши билан Украина ҳудудига кўп миллатли кучларни жойлаштириш ҳам бор. Европа етакчилари Россияга иқтисодий босимни кучайтиришга, хусусан янги санкциялар жорий этиш ва “соядаги флот”га қарши курашни фаоллаштиришга ҳам чақирди.

Баёнотда: “Етакчилар Россиянинг Украина шаҳарлари ва фуқаролик инфратузилмасига қилган даҳшатли ҳужумларини, шунингдек қишнинг оғир ойларида юзага келган жиддий ҳуманитар оқибатларни қоралади. Улар Украина энергетика инфратузилмасига қўшимча ёрдам бериш мажбуриятини олди”, — дейилади. Шунингдек, ҳамкорлар 2026 йил бошидан бери Украина энергоинфратузилмаси учун муҳим ускуналарни сафарбар қилишга ва Украина Энергетикасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 500 млн еврода ортиқ хайрия маблағлари йиғилишига эришгани қайд этилган.

Бундан ташқари, хабарда учрашув қатнашчилари Россиянинг “минимал ютуқлар” эвазига “даҳшатли йўқотишлар”га учраётганини ҳам таъкидлагани айтилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид