«Президент совғаси» сифатида 1-синф ўқувчилари учун ажратилган ўқув қуролларининг ортиб қолган қисми кейинги йили ҳам ишлатилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, прогноз кўрсаткичлари асосида жорий ўқув йили учун умумий ўрта таълим мактабларига қабул қилинган 1-синф ўқувчилари сонига мос равишда тарқатилган ўқув қуроллари тўпламидан ортиб қолган қисми кейинги ўқув йили учун давлат харидларини амалга оширишда инобатга олинади.

Бунда кейинги ўқув йилига қадар яроқлилик муддати тугайдиган ўқув қуроллари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотларининг мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳларига фойдаланиш учун бепул ажратилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборотига кўра, жорий йилда биринчи синфга қабул қилинадиган 795 мингдан ортиқ ўқувчига «Президент совғаси» топширилиши кутилмоқда. Тўпламга ўқув сумкаси, 12 та дафтар, ручка, 2 та оддий қалам, рангли қаламлар тўплами, рангли қоғоз, пластилин, расм дафтари, 2 та ўчирғич, рангли акварел бўёқлари, елим ва қаламдон киритилган.