Бу ҳақда Bloomberg 26 август куни Кремлга яқин манбаларига таяниб хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларининг айтишича, Москва айни пайтда Киевга, жумладан, шаҳарнинг марказий ҳудудларига ядровий каллак билан жиҳозланмаган баллистик ракеталар орқали янада фаол зарбалар бериш имкониятларини ўрганмоқда.
Россия қўшинларининг бошқа эҳтимолий нишонлари сифатида Украина шаҳарларидаги инфратузилма объектлари ҳам кўриб чиқилаётгани айтилган.
Манбалар фикрича, Россия иқтисодиётига нисбатан санкциялар босимининг кучайиши, шунингдек, Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводлари ва логистика марказларига ҳужумлари Россия президенти Владимир Путинни урушни тугатишга мажбур қилмайди.
Bloomberg манбаларига кўра, Москва Украина зарбаларини тобора кўпроқ НАТО давлатларининг ҳужумлари сифатида қабул қилмоқда. Бунга алянс аъзолари Киевни қурол-яроғ ва разведка маълумотлари билан таъминлаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.
«Ҳарбий ҳаракатларнинг ҳозирги шакли ҳали эскалациянинг энг юқори нуқтаси эмас», дея агентлик ўз манбаларининг фикрини келтирган.
25 август куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси — МРБ директори Жон Рэтклифф Москвага ташриф буюрган. Унинг Россия томони билан музокараларида муҳокама қилинган асосий масалалар ҳозирча очиқланмаган.
Bloomberg эслатишича, саккиз ойлик танаффусдан кейин АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер яна Москвага бориши, шунингдек, илк бор Киевга ташриф буюриши мумкинлиги кутилган. Бироқ бу ташрифларнинг санаси ҳозирча эълон қилинмаган.
Кремлга яқин тўрт манбанинг агентликка айтишича, дипломатик саъй-ҳаракатларда сезиларли натижа бўлмаётгани сабабли Москва ўз мақсадларига эришиш воситаси сифатида кейинги эскалацияга муқобил йўл кўрмаяпти.
Россия томони Уиткофф ва Кушнер Москвага тинчлик шартлари бўйича янги таклифлар олиб келишидан умид қилмоқда. Бироқ манбалар музокараларда жиддий бурилиш юз беришига умид жуда паст эканини билдирган.
Уларнинг таъкидлашича, Москва нуқтаи назаридан Россия аллақачон бир қатор муросаларга борган ва кейинги ҳар қандай ён бериш унинг музокаралардаги позициясини заифлаштиради. Россияда Путин ва Трампнинг Анкориждаги учрашуви натижаси ҳам амалга ошмаган муросалардан бири сифатида баҳоланаётгани айтилган.







