Бу ҳақда тўрт мамлакат ташқи ишлар вазирларининг 27 август куни йўллаган ва DW ихтиёрига келиб тушган қўшма мактубида сўз боради.
Мактуб муаллифлари кейинги қадам сифатида Европа комиссияси техник экспертларига ЕИ мамлакатлари билан биргаликда Россиянинг музлатилган активларидан Украина манфаатлари йўлида фойдаланишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш ва ўрганишни топширишни таклиф қилган.
Бунда эҳтимолий хатарлар барча аъзо давлатлар ўртасида тақсимланиши ва бирор мамлакат зиммасига номутаносиб даражада катта юк тушмаслиги кераклиги таъкидланган. Шунингдек, таклифларни баҳолашда молиявий ва иқтисодий хатарлар ҳамда уларнинг халқаро ҳуқуққа мувофиқлиги асосий омиллардан бири бўлиши лозим.
«Украинага 90 млрд евро кредит етарли бўлмайди»
Тўрт мамлакат Россия активлари масаласига яна қайтиш заруратини Украинанинг молиявий эҳтиёжлари ортиб бораётгани билан изоҳлаган.
Европа Иттифоқи томонидан Украина учун 2026–2027 йилларга мўлжалланган 90 млрд евро миқдоридаги кредит муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, мактуб муаллифлари бу маблағнинг ўзи етарли бўлмаслигини таъкидлаган.
Уларнинг қайд этишича, Россия ҳужумлари давом этаётган бир пайтда уруш харажатлари ҳам ўсиб бормоқда. Шу сабабли Киевга қисқа ва узоқ муддатли истиқболда қўшимча молиявий ёрдам зарур бўлиши мумкин.
Тўрт давлат фикрича, Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш, бир томондан, Украинага етказилган зарар учун Москва молиявий жавобгарликни ўз зиммасига олишига хизмат қилса, иккинчи томондан, европалик солиқ тўловчилар зиммасидаги юкни камайтириш имконини беради. Шунингдек, бу механизм Москвага босимни кучайтириш воситаси сифатида ҳам кўрилмоқда.
Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Унинг фикрича, Россия Украинага репарация тўламагунича бу маблағларни қайтариб ололмайди. Шу сабабли активларни уруш тугашини кутиб, кейин Украинани тиклашга сарфлашдан кўра, ҳозир Украинани ҳимоя қилишга йўналтириш мақсадга мувофиқ.
Еврокомиссия: режани илгари суриш учун етарли қўллаб-қувватлаш бўлмаган
Европа комиссияси вакили Балаш Уйвари эса Брюсселдаги брифингда Россиянинг музлатилган активлари ҳисобига Украинага «репарацион кредит» ажратиш масаласи 2025 йил декабридаги ЕИ саммитидан кейин расман кун тартибидан олиб ташланмаганини маълум қилди.








