Марказий банк бошқарувининг “Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими орқали электрон тўловларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат 2026 йил 28 августда давлат рўйхатидан ўтказилиб, 29 августдан кучга кирди.
Қарор билан банклараро электрон тўловларни амалга ошириш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, Тезкор тўловлар тизими орқали тўловларни амалга оширишга оид норма янги таҳрирда баён этилди.
Унга кўра, тўловларни амалга ошириш мақсадида мижозларнинг фармойишлари асосида яратилиб, Тезкор тўловлар тизимига қайта ишлаш учун узатиладиган тўлов ҳужжатлари банк мижозлари томонидан масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали 24/7 режимида хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этилган бўлиши лозим.
Бунда тўловчининг ҳисобварағида операцияни амалга ошириш учун етарли маблағ бўлиши талаб этилади.
Шунингдек, низомдаги банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга оид айрим атамалар ҳам амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилди.












