Олимлар кўпинча келаси ўн йилликларга мўлжалланган иқлим мақсадлари ҳақида гапиради, шу боис дунёда глобал исишнинг энг оғир оқибатларини тўхтатиш учун ҳали вақт бордек туюлиши мумкин. Аммо БМТ янги ҳисоботида бу фурсат аллақачон бой берилгани қайд этилган. Саноатлашувдан олдинги даврга нисбатан ҳароратнинг 1,5 даражага ошиши муқаррар ва бу яқин йилларда содир бўлади.
Ушбу меъёр узоқ вақтдан бери иқлимдаги хавфли бурилиш нуқталари билан боғланади. Гап океан оқимларининг бузилиши, абадий музликларнинг жадал эриши ва тропик маржон рифларнинг йўқ бўлиб кетиши ҳақида бормоқда. Буларнинг барчаси сайёрадаги ҳаётни ўзгартириб юбориши мумкин бўлган ортга қайтмас оқибатлар саналади.
Аксарият тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, дунёда ҳозир ҳарорат тахминан 1,4 даражага ошган. Агар иқлим бўйича берилган барча ваъдалар бажарилган тақдирда ҳам, БМТ ҳарорат камида 1,8 даражагача кўтарилишини башорат қилмоқда. Ҳозирги сиёсат сақланиб қолса, аср охирига бориб исиш 2,6 даражага етиши мумкин.
Бундай сценарий муқаррар деб ҳисобланмайди, бироқ у анча қатъий чораларни талаб этади. БМТ 1,5 даражалик мақсадга юқори чегара сифатида эмас, балки келажакда сақлаб қолиниши зарур бўлган минимал даража сифатида қарашни таклиф қилмоқда. Бунинг учун дунё асрнинг иккинчи ярмида карбонат ангидрид (CО2) чиқаришни барқарор равишда камайтиришга эришиши ва бошқа иссиқхона газларини қўшимча равишда қисқартириши керак бўлади.
Ҳисобот муаллифлари ҳозир қабул қилинаётган қарорлар глобал исишни 1,5 даража атрофида ушлаб туриш имконияти қолиши ёки қолмаслигини белгилаб беришини таъкидламоқда.
БМТ Атроф-муҳит дастури ижрочи директори Ингер Андерсен CBC News нашрига берган интервьюсида бу мақсад ўз долзарблигини йўқотмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳароратнинг ҳар ўндан бир даражасини пасайтириш орқали келажакдаги зарарни камайтириш мумкин.
















