2 сентябрь куни Тошкентда мактаблар, академик лицейлар ва техникумларда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан эрталаб кўчаларида ҳаракат сезиларли даражада жонланиши кутилмоқда. Айниқса, таълим муассасалари жойлашган ҳудудларда автомобиллар ва пиёдалар оқими кўпайиб, айрим йўналишларда тирбандликлар кузатилиши мумкин.
Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси бу ҳолатларнинг олдини олиш ва ўқувчи ҳамда талабаларнинг таълим муассасаларига хавфсиз етиб боришини таъминлаш учун аҳолини имкони борича жамоат транспортидан фойдаланишга чақирди.
Шунингдек, ҳайдовчилардан мактаб ва олий таълим муассасалари яқинида автомобилларни тартибсиз ёки узоқ вақтга қолдирмаслик, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, пиёдалар ва ўқувчиларга йўл бериш сўралди.
ИИББ маълум қилишича, 2 сентябрь куни таълим муассасалари атрофида хавфсизликни таъминлаш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш ва фуқароларга кўмаклашиш учун ички ишлар органлари ходимлари навбатчилик қилади.
Маълумот учун, мактаб, академик лицей ва техникумларда дарслар 2 сентябрдан бошланади. Олий таълим ташкилотларида эса янги ўқув йили 1-босқич талабалари учун 7 сентябрдан, 2-босқич ва ундан юқори курслар учун 14 сентябрдан старт олади.







