Тошкент шаҳри Шаҳрисабз кўчасида узунлиги қарийб 1 километр бўлган янги алоҳида автобус йўлаги фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Хабарга кўра, эндиликда Шота Руставели ва Шаҳрисабз кўчалари бўйлаб ташкил этилган узлуксиз BRT (bus rapid transit) йўлагининг умумий узунлиги қарийб 8 километрга етди.
Янги йўлак Шаҳрисабз кўчасининг Амир Темур шоҳкўчаси билан кесишмасидан Махтумқули кўчаси билан кесишмасигача бўлган оралиқда — Тошкент давлат шарқшунослик университетидан Тошкент шаҳар 6-сон туғруқ мажмуасигача масофада жойлашган.
Қайд этилишича, йўлнинг марказий қисмида ташкил этилган BRT йўлаклари автобусларнинг умумий транспорт оқимидаги тирбандликларга боғлиқлигини камайтиради. Натижада автобусларнинг кечикиши қисқаради, қатновлар мунтазамлиги ошади ва йўловчилар манзилга етиб бориш вақтини аниқроқ режалаштириш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, хабарда айтилишича, пойтахтнинг Сергели ва Юнусобод туманларини истиқболда ўзаро боғлайдиган ягона транспорт йўлаги босқичма-босқич шакллантирилмоқда.
Сентябр ойида Шаҳрисабз кўчасидаги BRT йўлагининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилганди.

















