«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ пойтахт жамоат транспортидаги мониторларда намойиш этилаётган реклама роликларининг овоз баландлиги юзасидан йўловчилардан тушган эътирозларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, автобус салонларидаги мониторлар E-auksion платформаси орқали ғолиб бўлган тадбиркорга ижара асосида берилган. Ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлар ва жамоатчилик фикри инобатга олинган ҳолда, ушбу тадбиркорлик субъекти вакиллари билан учрашув ўтказилган.
Музокаралар давомида реклама материаллари овозини меъёрида сақлаш, бу йўловчилар мулоқоти ҳамда ҳайдовчи диққатига халақит бермайдиган даражада бўлиши шартлиги таъкидланди. Ижарачига реклама роликлари овозини пасайтириш ва ортиқча шовқин ҳосил қилмаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Компания мазкур масалани ўз назоратига олганини ҳамда жамоат транспортида қулай муҳит яратиш чоралари кўрилаётганини қўшимча қилди.

















