Кабардино-Балкариядаги Безенги дарасида 6 сентябр куни қор кўчкиси содир бўлиб, бир гуруҳ алпинистлар унинг остида қолган. 7 сентябр эрталабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, яна олти киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармаси маълум қилди.

Аниқлаштирилган маълумотларга кўра, гуруҳнинг ўн нафар аъзоси хавфли ҳудуддан мустақил равишда чиқиб кетишга муваффақ бўлган. Яна олти киши турли даражада жароҳат олиб, тиббиёт муассасаларига етказилган.

Айни пайтда ҳодиса жойида кенг кўламли қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда. Унга 56 нафар қутқарувчи ва мутахассис жалб қилинган. Бироқ мураккаб тоғ рельефи ҳамда янги қор кўчкилари тушиши хавфи қидирув ишларини қийинлаштирмоқда.

Маълум қилинишича, қор кўчкиси 6 сентябр куни тахминан соат 17:00 да Мижирги тоғи ёнбағридан тушган.

Дастлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодиса жойида 15 нафар алпинист бўлганини маълум қилган эди. Ўша пайтда икки киши ҳалок бўлгани, уч киши жароҳатлангани ва яна ўн нафар кишининг қаердалиги номаълум экани хабар қилинган.

Кейинчалик маълумотлар аниқлаштирилиб, гуруҳда жами 33 киши бўлгани маълум бўлди. Қидирув-қутқарув операцияси давомида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар сони ҳақидаги маълумотлар ҳам янгиланган.

7 сентябр куни соат 09:00 ҳолатига кўра, 11 нафар алпинист ҳаёт билан мос келмайдиган оғир жароҳатлар оқибатида ҳалок бўлган. Яна олти кишининг тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Об-ҳаво шароити яхшиланса, бедарак йўқолганларни қидириш ишларига Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ми-8 вертолёти ҳамда «Хелиэкшн» компаниясига тегишли тижорий вертолётни жалб қилиш режалаштирилган.

Ҳодисадан сўнг Россия Тергов қўмитаси эҳтиётсизлик ёки хизмат вазифаларига лоқайд муносабатда бўлиш билан боғлиқ модда бўйича жиноят иши қўзғатган. Терговчилар фожиа қандай шароитда содир бўлгани ва унга олиб келган эҳтимолий сабабларни аниқламоқда.

Шунингдек, ҳодиса содир бўлган ҳудудда ноқулай об-ҳаво шароити бўйича олдиндан огоҳлантириш амал қилгани қайд этилган.