Kun.uz “Геосиёсат” дастурида Гуржистон атрофидаги геосиёсий вазиятни таҳлил қилиш учун сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Жаҳонгир Акрамовга юзланди.

— Грузия бош вазирининг 2030 йилгача мақсадлари, хусусан Абхазия ва Жанубий Осетияни мамлакат таркибига қайтариш қанчалик реалистик?

Жаҳонгир Акрамов: — Гуржистон – демократик давлат, демократик механизмлар ишлайди. Ҳукумат тепасидаги “Гуржистон орзуси” партияси “Чет эл агентлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини олиб чиқди, буни кўпчилик гуржилар Россиядаги худди шу номдаги қонуннинг нусхаси деб қарайди. Ҳукмрон партия бу қонунни тасдиқлаш учун кучли ҳаракат қиляпти. 2023 йил март ойида ҳам бу ҳаракат бўлганди, кескин қаршиликлар, намойишлар сабаб тўхтаб қолганди, бу йил яна қайтилди.

Қонуннинг моҳияти шундан иборатки, нодавлат ОАВ, демократик институтлар ва бошқаларнинг олган чет эл грантлари, сармоялари бюджетининг 20 фоизидан ошса, улар чет элдаги кучлар манфаатига ишлаётган деб топилади. Шунинг учун бу қонун жамоат ташкилотлари, демократик кучлар томонидан қораланяпти. Қонуннинг қабул қилиниши кўп жиҳатдан Россиядаги қонун кўчирмаси бўлади ва октябрда бўладиган сайловларга тайёргарлик бўлади, деб баҳолаяпти мутахассислар. Чунки кўплаб демократик ташкилотлар бундай ном олгандан кейин фаолиятини тўхтатамиз деяпти. Бу ҳолат орқали “Гуржистон орзуси” партияси сайловларда ғалаба қозонишни кўзлаяпти, деган таҳлиллар бор.

— Бу қонун қабул қилиниши Гуржистоннинг Ғарб билан муносабатларига қандай таъсир қилади?

Камолиддин Раббимов: — Салбий таъсир қилади. Демократик давлатлар бу қонунни танқид қилди. Европа Иттифоқи санкциялар қўйишни муҳокама қилмоқчи. Ҳозирда Гуржистон фуқароларига ЕИга кириш учун виза керакмас, шуни бекор қилиш, ажратиладиган маблағларни чеклаш, ЕИга кириш учун қабул қилинган режаларни тўхтатиш бўйича гап кетяпти. Бу режа қилинган санкцияларнинг тўлиқ жорий қилиниши эҳтимоли кам, чунки тўлиқ жорий қилинса, Гуржистон Россия таъсирига ташлаб қўйилган бўлади.

Саакашвили даврида Гуржистон ЕИ томон илдам қадам ташлади, у бугун қамоқда, ҳукуматда эса унга мухолиф партия турибди. “Гуржистон орзуси” партиясининг асосий ҳомийси – миллиардер Иванишвили. У ўзининг катта капиталини Россияда қилган, кўпчилик россияпараст сифатида кўради. Партиянинг мақсади – ЕИга кириш, муносабатларни сақлаб қолиш ва айни пайтда Россия билан муносабатларни меъёрлаштириш. Осетия ва Абхазияни Россия давлат сифатида тан олган, бошқа давлатлар тан олмаган. Муносабатларни яхшилаб, шу икки ҳудудни Грузияга қайтармоқчи.