27–28 июл кунлари бўлиб ўтган ЖСТнинг Ўзбекистоннинг аъзолиги бўйича Ишчи гуруҳи йиғилишида мамлакат делегацияси Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнини 2026 йил давомида якунлаш режаси ўз кучида қолишини маълум қилди.
Ўзбекистон президентининг ЖСТ масалалари бўйича вакили ва бош музокарачи Азизбек Уруновнинг таъкидлашича, аъзолик жараёни охирги йиғилишдан буён янада илгарилаган. Унинг қайд этишича, аъзо давлатлар томонидан берилаётган саволлар сони камайиб бормоқда, бу эса Ўзбекистон уларнинг асосий эътироз ва таклифларини босқичма-босқич ҳал этаётганини кўрсатади.
Маълум қилинишича, март ойидан буён Ўзбекистон ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштириш мақсадида 190 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилди. Жумладан, санитария ва фитосанитария талаблари, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилди ҳамда ягона Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилди. Шунингдек, демпингга қарши, компенсация ва ҳимоя чораларига оид қонун лойиҳалари янгиланди.
ЖСТ Ишчи гуруҳи раиси Сон Гё Чойнинг маълум қилишича, ҳозирга қадар Ўзбекистон 31 та икки томонлама бозорга кириш келишувини имзолаган. Улардан энг сўнггиси Ҳиндистон билан тузилган бўлиб, мазкур йўналишдаги музокаралар деярли якуний босқичга етган.
Йиғилишда ЖСТга аъзо давлатлар Ўзбекистонда давлат корхоналарини хусусийлаштириш, бизнес муҳитининг шаффофлигини ошириш ва иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Шу билан бирга, валюта сиёсати, импортни тартибга солиш, инвестициялар, рақобат сиёсати, техник регламентлар ва қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда қўшимча ислоҳотларни давом эттириш тавсия этилди.
ЖСТ раҳбарияти ҳам Ўзбекистон ва аъзо давлатларнинг музокараларни жадал суръатларда давом эттираётганини юқори баҳолаб, қолган масалалар ўз вақтида ҳал этилса, мамлакатнинг ташкилотга аъзо бўлишига эришиш мумкинлигини таъкидлади.
Бу Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги бўйича Ишчи гуруҳининг 13-йиғилиши бўлди. Мамлакат ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йилда ариза берган бўлса, аъзолик шартлари бўйича фаол музокаралар 2020 йилдан буён олиб борилмоқда.











