Сирдарёда 2 нафар ИИБ ходими жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда “Бу кун” дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Ховос туманидаги фермер хўжалиги раҳбари ер майдонида содир этилган ноқонуний ҳолат бўйича ИИБга мурожаат қилган. У ўзига етказилган зарар катта миқдорда бўлгани боис тегишли тартибда жиноий иш қўзғатилиб, айбдорга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Аризага асосан мазкур жиноятни содир этган шахс кимлиги, у фермерга 30-40 млн сўм атрофида зарар етказгани аниқланган. Ховос тумани ИИБнинг икки ходими ушбу жиноятни яшириш мақсадида ўзлари сохта далиллар ташкил қилган: улар фермерга гумондор 30 млн сўм зарарни қоплаб беролмаслигини, ундан 10-12 млн сўм атрофида ундириб беришларини айтишган. Фермер хўжалик раиси бунга рози бўлган.
Шундан сўнг ходимлар гумондор шахсни қўрқитиб, фермерга 50 млн сўм зарар етказганини, ушбу суммани тўламаса қамалиб кетишини айтишган. Гумондор дастлаб 24 млн сўм келтириб берган. Ходимлар ушбу пулнинг 12 млн сўмини жабрланувчига беришган ҳамда ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмаслигини, иш суддан маъмурий бўлиб ўтишини маълум қилишган.
Ходимлар келишилган 35 млн сўмдан қолган 11 млн сўмни олаётган вақтда тезкор тадбирда қўлга олинган.
ЖИБ Сайхунобод туман суди ҳукми билан собиқ ходимлар пора олиш ва далилларни қалбакилаштириш жиноятларини содир қилишда айбли деб топилган. Улардан бирига 5 йил 1 ой, иккинчисига 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, суд томонидан шу каби жиноятлар содир этилишининг олдини олиш бўйича хусусий ажрим чиқарилиб, Сирдарё вилояти ИИБга юборилган.












