Маълум қилинишича, ташкилот ўз фаолиятида кундалик молиявий эҳтиёжларни бир жойда ҳал қилиш, масофадан туриб банк хизматларидан фойдаланиш ва мижозлар билан ишлаш жараёнларини соддалаштиришга эътибор қаратади. Унинг мобил иловасида пул ўтказмалари, ҳисоб очиш, электрон ҳамёндан фойдаланиш ҳамда тўловларни амалга ошириш имкониятлари мавжуд.

TAYANCH MIKROMOLIYA BANKI тарихи 2022 йилда TAYYAB FINANCE микромолия ташкилотининг ташкил этилиши билан бошланган. Компания кейинчалик трансформация жараёнидан ўтиб, 2025 йил 6 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 96-сонли лицензиясини олди. Шу тариқа микромолия соҳасида шаклланган тажриба банк инфратузилмаси билан бирлаштирилди.

“Бу ўзгариш фақат ном ёки ҳуқуқий мақом алмашиши билан чекланмайди. Микромолия ташкилотидан банк форматига ўтиш хизматлар кўламини кенгайтириш, мижозлар билан ишлашнинг янги механизмларини шакллантириш ва рақамли маҳсулотларни ривожлантириш учун имконият яратади. TAYANCH ўзини айнан мижозга яқин, содда ва замонавий молиявий хизматлар модели сифатида тақдим этмоқда”, – дейди “TAYANCH MIKROMOLIYA BANKI” АЖ бошқарув раиси Зоҳид Алимов.

Масъулнинг айтишича, банк номининг ўзи унинг позициясини англатади: TAYANCH инсоннинг молиявий режалари ва кундалик эҳтиёжларида қўллаб-қувватловчи восита бўлиш ғоясига қурилган. Мазкур ёндашув банк хизматларини фақат кредит ёки ҳисоб-рақам билан чекламасликни назарда тутади.

“Мижоз учун муҳим жиҳат хизматнинг тушунарли экани, кундалик эҳтиёжга мослашгани ва ундан фойдаланишга қанча вақт кетиши. Шу сабабли, TAYANCH ривожланиш стратегиясида рақамли хизматларга алоҳида урғу бермоқда”, – дейди банк бошқарув раиси ўринбосари Шоҳруҳ Юсуфзода.

TAYANCH MIKROMOLIYA BANKI ўз мобил иловаси орқали мижозларга банк хизматларидан масофадан фойдаланиш имконини тақдим қилади. Бунинг қулай томони шундаки, истеъмолчилар ўз ҳисобидаги маблағларни бошқариши ва кундалик банк операцияларини смартфон орқали амалга ошириши мумкин.