Вазирлар Маҳкамаси «Географик кўрсаткич ва товар келиб чиққан жой номи огоҳлантирувчи тамғаларининг шаклларини ва тавсифларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Ҳужжат «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонун ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қарорга мувофиқ, гувоҳнома эгаси географик кўрсаткич билан бир қаторда товарда ёки унинг ўровида ушбу белги Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткич эканини билдирувчи махсус огоҳлантирувчи тамғадан фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, товарда ёки унинг ўровида қўлланилган белги Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткич эканини билдирувчи огоҳлантирувчи тамғанинг шаклини тасдиқлаш белгиланган.

Ҳужжат билан икки хил махсус белги — географик кўрсаткич огоҳлантирувчи тамғаси ҳамда товар келиб чиққан жой номи огоҳлантирувчи тамғасининг шакли ва тавсифи тасдиқланди. Тамғалар Ўзбекистон ҳудудига тааллуқли географик кўрсаткич ва товар келиб чиққан жой номига нисбатан қўлланилади ҳамда қонунда белгиланган тартибда фойдаланилади.

Қарор иловасида тамғаларнинг рангли ва оқ-қора вариантлари ҳам келтирилган. Хусусан, географик кўрсаткич тамғаси яшил доира шаклида бўлиб, марказида Ўзбекистон харитаси жойлаштирилган. Унинг юқори қисмида MUHOFAZALANGAN GEOGRAFIK KOʻRSATKICH, пастки қисмида эса инглиз тилида PROTECTED GEOGRAPHICAL INDICATION ёзуви акс этади. Харита устида GEOGRAPHICAL INDICATION иборасининг қисқартмаси — GI белгиси, пастки қисмида эса UZBEKISTAN ёзуви жойлаштирилган. Ҳужжатнинг 3–4-саҳифаларида ушбу тамғанинг ташқи кўриниши ва батафсил тавсифи берилган.

Товар келиб чиққан жой номи учун тамға эса ҳаворанг доира шаклида ишланган. Унда MUHOFAZALANGAN TOVAR KELIB CHIQQAN JOY NOMI ва инглиз тилида PROTECTED APPELLATION OF ORIGIN ёзувлари мавжуд. Марказда Ўзбекистон харитаси, унинг юқори қисмида эса APPELLATION OF ORIGIN иборасининг қисқартмаси — AO ҳарфлари акс эттирилган. Пастки қисмида UZBEKISTAN ёзуви жойлаштирилган. Ушбу тамғанинг рангли ва оқ-қора шакллари қарорнинг 5-саҳифасида, батафсил тавсифи эса 6-саҳифасида келтирилган.

Қарорга кўра, огоҳлантирувчи тамғалардан фойдаланишда уларнинг шакли, ўлчамлари қатъий назар, тасдиқланган рангли ёки оқ-қора кўринишга мос бўлиши шарт.

Шу билан бирга, Адлия вазирлигига бир ой муддатда Интеллектуал мулк муҳофазаси портали орқали географик кўрсаткич ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида эълон қилиб бориш тизимини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди. Вазирлик, шунингдек, тасдиқланган огоҳлантирувчи тамғалардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланилиши устидан назорат олиб боради.