Яроқлилик муддати - маҳсулот хавфсизлигининг ягона кафолати эмас
Мутахассиснинг тушунтиришича, маҳсулотнинг яроқлилик муддати ўтмаган бўлиши унинг ҳар қандай шароитда хавфсизлигини англатмайди. Бунда маҳсулот қандай ҳарорат ва намлик шароитида сақлангани, қандай ташилгани ҳамда қадоқнинг бутунлиги муҳим аҳамиятга эга.
«Айнан шоколад маҳсулотлари учун белгиланган стандарт ҳарорат 20 даражадан юқори бўлмаслиги, нисбий намлик эса 75–80 фоиз бўлиши керак. Агар шу белгиланган талабларга риоя қилинмаса, ҳатто маҳсулотнинг герметиклиги бузилмаган тақдирда ҳам унинг ташқи кўриниши ўзгариши мумкин. Айниқса, ёз ойларида юқори ҳарорат маҳсулотнинг тез бузилишига сабаб бўлиши мумкин», - дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси Маҳсулотлар хавфсизлигини назорат қилиш бошқармасининг бош мутахассиси.
Қурт маҳсулотга қаердан тушади?
Маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача бўлган йўли бир неча босқичдан иборат: ишлаб чиқариш, қадоқлаш, ташиш, омборларда сақлаш ва савдо. Ушбу босқичларнинг бирортасида санитария қоидалари ёки сақлаш талаблари бузилиши маҳсулот хавфсизлигига таъсир қилиши мумкин.
Мутахассиснинг таъкидлашича, маҳсулот қадоқлангандан кейин ҳам унинг хавфсизлигига ташқи омиллар таъсир қилиши мумкин. Масалан, ташиш вақтида қадоқ шикастланиб, унга ҳаво кириши ёки маҳсулот нотўғри ҳароратда сақланиши эҳтимоли мавжуд.
«Истеъмолга яроқлилик муддати ҳали тугамаган бўлса ҳам, маҳсулот нотўғри сақланса, нотўғри ташилса ёки қадоғи бузилса, унинг хавфсизлиги бузилиши мумкин. Ташқи таъсирлар оқибатида иккиламчи ифлосланиш юзага келган маҳсулотни истеъмол қилиш тавсия этилмайди».














