Давлат раҳбари табрик аввалида халқ осойишталигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги хизматлари учун тизимнинг барча ходимларига самимий миннатдорлик билдирди.
“Албатта, юртимизда ўз фарзандини мактабга кузатаётган ота-онанинг хотиржамлиги, маҳаллаларимиздаги осойишта ҳаётни мустаҳкамлашда сизларнинг кундалик фидокорона меҳнатингиз ва ҳиссангиз борлигини барчамиз яхши биламиз.
Оддий инсонларнинг сизга ишонч билан мурожаат қилиши ва бундан кўнгли таскин топиши – сизнинг хизматингизга берилган энг юксак баҳодир.
Ўтган ўттиз беш йил давомида тизимда катта тажриба тўпланди, жасорат ва садоқат анъаналари шаклланди. Бугунги авлод ходимлари бу анъаналарни замонавий билим ва ёндашувлар асосида бойитиб келмоқда.
Жорий йилда маҳаллаларимизнинг қарийб ярмида жиноят содир этилмагани – ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари ва аҳолининг ҳамкорликдаги меҳнати самарасидир. Энди бу тажрибани кенгайтириб, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарур.
Жамоат хавфсизлигини таъминлашда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кенгаймоқда. Кибержиноятларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда.
Гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, айниқса, ёшларимизни бу иллатлар таъсиридан асраш муҳим вазифамиз бўлиб қолмоқда. Бунинг учун замонавий билим ва пухта тайёргарлик зарур. Шу боис, кадрлар тайёрлашда назарияни амалиёт билан боғлаш, дуал таълимни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий мутахассислар тажрибасидан фойдаланишга катта аҳамият бермоқдамиз.
Миллий юксалиш йўлидаги мақсадларимиз ички ишлар органлари олдига ҳам янги вазифалар қўймоқда. Сизлардан жиноятларнинг олдини олишда ташаббускорлик, хизматда қатъий интизом ва ҳалоллик кутиб қоламан.
“Ўзингни англа ва ўзгани қадрла” деган тамойилга амал қилган ҳолда фаолият олиб бориш ички ишлар соҳаси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу – ходимнинг касбий шаънини асраши, қонунга қатъий риоя этиши ва ҳар бир инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлишини англатади.
Сизга мурожаат қилган фуқарони диққат билан тинглаш, унинг муаммосини қонуний ҳал этишга кўмаклашиш халқнинг тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Чунки, одамлар бир ходимнинг муомаласи ва хатти-ҳаракатидан бутун тизим ҳақида хулоса чиқаради.
















