Ўзбекистон Россиядан ғалла ва наслли қорамол олиб келишга қизиқиш билдиряпти, дея хабар берди Савдо-саноат палатаси.

11 сентябр куни Москвада ССП раҳбари Даврон Ваҳабов ва STEP агрохолдинг бош директори Андрей Недужко ўртасида учрашув ўтказилган.

Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири ҳар йили Ўзбекистонга 7000 бош голштеин зотли наслли қорамол олиб кириш таклифи бўлди. Уларни маҳаллалардаги оилаларга тақсимлаш режалаштирилмоқда. Бу зотдаги сигирлар суткасига 40 литргача ва ундан кўпроқ сут бериши мумкинлиги таъкидланяпти.

Мазкур ташаббус оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолига барқарор даромад манбаини яратиш ва оилаларнинг камбағалликдан чиқишига ёрдам беради.

Шунингдек, Россияда ҳосил юқори бўлгани сабабли Каспий денгизи орқали Ўзбекистонга 500 минг тонна буғдой етказиб бериш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бунинг учун Астрахан ва Махачқалъа портларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Яна бир устувор йўналиш — сут ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масаласи бўлди. Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олди.