ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Тошкент шаҳрида йирик тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда департамент ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тезкор тадбирда Яшнобод туманидаги бизнес марказларининг бирида онлайн қимор ўйинларига хизмат кўрсатувчи гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Ушбу гуруҳ компютер технологиялари соҳасида консултация хизматлари кўрсатиш ниқоби остида фаолият юритган. 

Гуруҳ Ўзбекистон, Саудия Арабистони, БАА, Уммон, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва бошқа давлатларнинг 60 мингга яқин фуқароларини онлайн қимор платформаларига жалб қилиш ҳамда уларда қатнашиш шароитларини яратиб бериш хизматларини кўрсатиб келган.

Screenshot_2

Бино ичида бўлимлар қатъий тақсимланган: операторлар, супервайзерлар, кассачилар, ҳисобчи-аналитиклар ва менежерлар ўзларига юклатилган вазифаларни махфий тарзда бажариб келишган. Мижозларни жалб қилишда махсус дастурий таъминот, шифрланган алоқа ва рақамли изларни яшириш технологияларидан фойдаланилган.

Махсус операция давомида бинодан улкан инфратузилма ашёвий далил сифатида хатланган. Жумладан, сервер қурилмалари, компютер жамланмалари, ноутбуклар, мобил телефонлар, банк пластик карталари, пул маблағлари ва ишга алоқадор бошқа ашёвий далиллар расмийлаштириб олинган.

Screenshot_3

Шунингдек, ушбу тузилма орқали охирги 6 ойда 4 млн доллар миқдорида пул маблағлари айланмаси амалга оширилгани аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. 16 нафар шахс билан тезкор суриштирув ва тергов ишлари олиб борилган. Гуруҳнинг 11 нафар аъзоси процессуал тартибда ушланган.

Қўшимча қилинишича, жиноятга бевосита алоқадор, масофадан хизмат кўрсатувчи шахслар ҳам аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.