Мукофотлар таълим тизимини ривожлантириш, илғор педагогик ва рақамли технологияларни жорий этиш, ёшларга замонавий билим ва касб-ҳунар ўргатиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда таълимга оид инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги хизматлар учун топширилади.

Икки педагог халқ ўқитувчиси унвонига сазовор бўлди

«Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони билан:

Эргаш Алланазарович Саидов — Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 6-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси;

Азимбай Сабурович Сапарбаев — Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 36-мактабнинг математика фани ўқитувчиси тақдирланди.

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» фахрий унвони Чиноз туманидаги 1-мактабнинг тасвирий санъат ва чизмачилик фани ўқитувчиси Камил Шамукарамов ҳамда Наманган шаҳридаги 4-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Раҳима Ҳакимовага берилди.

Зомин туманидаги 1-мактаб жамоатчилик кенгаши раиси Исматулла Раимов ва Самарқанд давлат университетининг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Аҳмаджон Солеев «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» унвонига сазовор бўлди.

Олимлар, спорт ва маданият вакиллари ҳам тақдирланди

Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Миртемир Қурбоновга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор» фахрий унвони берилди.

Олтинкўл туманидаги 2-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Ботирбек Муқимов ҳамда Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби мураббийси Воҳиддин Нажмидинов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» унвони билан тақдирланди.

Р. Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабининг ўзбек халқ чолғулари бўлими жўрнавози Гулнора Утеевага «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони берилди.

Хорижий ҳамкорларга «Дўстлик» ордени берилди

«Дўстлик» ордени билан тақдирланганлар орасида Германиянинг GP Günter Papenburg AG компанияси директорлар кенгаши аъзоси Ангела Папенбург, GIZʼнинг Ўзбекистонда касбий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва модернизация қилишни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси раҳбари Маттиас Клингенберг ҳам бор.