Қўмита хабарида қайд этилишича, ўтган асрнинг 60–70-йилларида Нурота тизма тоғларида Қизилқум архарларининг атиги 60–70 боши қолган.
1975 йилда Нурота давлат қўриқхонаси ташкил этилиб, архарлар муҳофаза остига олинган. Бу йўқолиб бораётган популяцияни сақлаб қолиш имконини берган. Кейинги ўн йилликда уларнинг сони барқарорлашган.
Қўмитага кўра, олиб борилаётган муҳофаза чоралари натижасида архарлар сони кўпаймоқда. Охирги баҳорги саноқда 2130 бош қайд этилган.
Қизилқум архари заиф, сони қисқариб бораётган ва алоҳида ҳудудларда тарқалган кенжа тур сифатида Ўзбекистон Қизил китоби, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхати ҳамда CITES конвенциясининг II иловасига киритилган.
Ҳозирда бу жониворлар Нурота ва Оқтоғ тизмаларида, Томдитоғ қолдиқ тоғларида ҳамда Туркистон тизмасида сақланиб қолган. Қўмита маълумотида улар Молгузар тизмасида ҳам учраши мумкинлиги қайд этилган.
Қизилқум архарлари тоғларнинг ўрта ва юқори қисмларида, денгиз сатҳидан 500–2000 метр баландликда яшайди.

















