Куннинг муҳим воқеаларидан бири Марказий Осиёда иқлим молиялаштиришини мувофиқлаштириш бўйича «5+5» мулоқотини ташкил этиш таклифи бўлди. Ўзбекистон томони илгари сурган ташаббус минтақа давлатларининг бештаси ва бешта халқаро иқлим фондини бирлаштиришни назарда тутади. Мазкур платформа орқали инвестиция устуворликларини мувофиқлаштириш, лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва халқаро маблағлардан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Ўзбекистон 2027 йилда биринчи учрашувни Тошкентда ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари томонидан иқлим миграцияси бўйича «Ипак йўли» минтақавий декларацияси ҳам имзоланди. Ҳужжат иқлим ўзгариши оқибатида аҳолининг кўчиши, тирикчилик манбаларининг йўқолиши ва маҳаллий ҳудудларга тушадиган ижтимоий-иқтисодий босимни камайтириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Унда миграция жараёнларини хавфсиз ва инсон қадр-қимматига ҳурмат асосида ташкил этиш масалалари ҳам назарда тутилган.
Ўзбекистон миллий павильонида саноатни декарбонизация қилиш ва паст углеродли иқтисодиётга ўтиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Тадбир доирасида мамлакат цемент саноатини декарбонизация қилиш бўйича йўл харитаси тақдим этилди. Унда ишлаб чиқаришда энергия самарадорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инвестицияларни жалб қилиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Маълумотларга кўра, 2025 йил якунларида саноатнинг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 26,8 фоизни ташкил этган.
Конференцияда демографик ўсиш ва иқлим ўзгариши ўртасидаги боғлиқликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамкорлигида тайёрланган тадқиқотда мамлакат аҳолиси сони 2050 йилга бориб 52 миллион кишидан ошиши мумкинлиги қайд этилган. Шу билан бирга, сўнгги олти ўн йилликда Ўзбекистонда ўртача йиллик ҳарорат қарийб 1,6 даражага кўтарилган. Муҳокамаларда демографик ўсиш ва иқлим хавфларининг сув, озиқ-овқат хавфсизлиги, инфратузилма ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири кўриб чиқилди.
Сув ресурсларини асраш ва ерларни тиклаш бўйича ҳам амалий ечимлар намойиш этилди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда FOLUR-Uzbekistan лойиҳаси тажрибаси тақдим қилинди. Хусусан, ёмғир сувини тўплаш, «Ice Stupa» технологияси ёрдамида сунъий музликлар яратиш ва деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш имкониятлари муҳокама қилинди. Мазкур ёндашувлар сув танқислиги кучайиб бораётган ҳудудларда табиий экотизимларни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашга қаратилган.











