Устозлардан эшитилган гапларнинг бир қисми ўқиш ва билим олишга ундайди. Айрим насиҳатлар оддий кўринса-да, йиллар ўтиб ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. «Эрталаб вақтлироқ туриб ўқишингга бор», деган гап ўқувчилик давридаги оддий танбеҳлардан бири бўлган.

«Ҳаёт ҳар доим ҳам сен хоҳлаганингдек бўлавермайди. Шунинг учун ўзингнинг кучинг етадиган даражада ўқи».

«Бешга ўқинглар, лекин беш олиш учун ҳамма нарсани қилишинглар шарт эмас. Ҳаётда баҳо вазнли эмас».

«Нима бўлишидан қатъи назар, яхши ўқиган, ҳаракат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди».

«Бугундан бошласанг ҳам кеч эмас».

Респондентлар эслаган гаплар орасида устозларнинг билимдан ташқари, инсон бўлишга чақирган насиҳатлари ҳам бор.

«Фақат яхши ўқинглар... одам бўлинглар, инсон бўлиш керак».

Университетда дарс берган устозлардан бири эса бўлажак шифокорларга касбдан олдин инсонликни қўйишни уқтирган:

«Биринчи ўринда яхши инсон бўлинглар, кейин албатта яхши шифокор бўласизлар».

Бу каби гаплар устозлик фақат фан ўргатиш билан чекланмаслигини кўрсатади. Айрим устозларнинг шогирдларига айтган оддий бир жумласи ҳам йиллар ўтиб уларнинг ҳаёт қарашларига айланиши мумкин.
Сўровномадаги энг таъсирли жавоблардан бири эса инсоннинг ўз имкониятларига ишониши ҳақида:

«Ҳаётда ҳеч қачон “қўлингдан ҳеч нарса келмайди” деган одамга ишонма. Ҳаттоки менга ҳам».

Устознинг шогирд ҳаётидаги ўрни баъзан айнан шундай оддий, аммо йиллар давомида унутилмайдиган сўзларда намоён бўлади. Чунки мактаб ёки университет даври тугаганидан кейин ҳам айрим гаплар инсон билан бирга қолади.