Яман ҳусийчилари 19 сентябр куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги «нозик» объектларга ракета ва дронлар билан зарба берганини маълум қилди.

Ҳусийчиларнинг баёноти шаҳардаги асосий аэропорт яқинида ёнғин ва тутун устуни кузатилганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинди.

19 сентябрга ўтар кечаси Саудия Арабистони ҳукумати ҳусийчиларнинг мамлакат ҳудудига ҳужумлари кучайиши фонида аҳолини эҳтимолий зарбалар хавфи ҳақида огоҳлантирганди. Бу сентябр ойи ўрталарида юзага келган эскалация давридаги илк шундай ҳолат бўлди.

Ҳусийчилар Ар-Риёддаги айнан қайси объектлар нишонга олинганига аниқлик киритмаган. Баёнотдан маълум бўлишича, Saudi Aramco нефт компаниясининг Янбу шаҳридаги объектига ҳам зарба берилган. Ушбу шаҳар Қизил денгиз соҳилида жойлашган бўлиб, Саудия нефтини экспорт қилувчи асосий марказлардан бири ҳисобланади. Ҳусийчилар бу зарбалар Яман пойтахти Санога қилинган ҳужумга жавоб эканини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ҳусийчилар Ар-Риёд йўналишида учирган ракетани уриб туширгани, шунингдек, Саудиянинг бошқа шаҳарларига қаратилган ҳужумларнинг олдини олганини маълум қилган. Ҳужум оқибатлари ҳақида хабар берилмаган.

  • АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши фонида Саудия Арабистони ҳамдаа Ямандаги ҳусийчилар ўртасида ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланди. Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусийчилар июл ойида Саудия Арабистонини денгиздан қамал қилишини эълон қилган, кейинроқ саудияликларнинг танкерлари ва энергетика инфратузилмаларига зарбалар беришни бошлаганди.

  • Сентябр ойига келиб ҳусийчилар Боб-ал-Мандаб бўғози устидан назорат ўрнатди – бу Яқин Шарқдаги нефт ташиладиган асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Ҳўрмуз тўсиб қўйилганидан кейин Саудия Арабистони нефт экспортининг 75 фоизини шу йўналишга йўналтирганди.

  • Июл ойидан буён ҳусийчилар Саудия Арабистони бўйлаб бир неча бор зарбалар йўллаган, аммо ҳозиргача мамлакат пойтахтига ҳужум қилинмаганди.