Тошкентда иситиш тизими қачон ёқилиши тушунтирилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳаво ҳароратининг пасайиши шароитида иситиш мавсуми қачон ишга туширилиши юзасидан маълумот берди.
Қайд қилинишича, марказлашган иситиш тизимини ёқиш учун ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кетма-кет беш кун давомида +8°C дан паст бўлиши талаб этилади. Шу билан бирга, мутасаддилар ўтган йиллардаги каби ҳақиқий об-ҳаво шароитлари инобатга олинишини, агар ҳаво кескин совиб кетса, иссиқлик узатишни бошлаш тўғрисидаги қарор кечиктирилмаслигини таъкидламоқда.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда ҳокимлик, шаҳар хизматлари ҳамда Veolia Energy компанияси мутахассислари ҳамкорлигида тизимларни иситиш мавсумига тайёрлаш ишлари назорат остида олиб борилмоқда.
Фарғонада боғча болалари овқатдан оммавий заҳарлангани гумон қилинмоқда
Фарғона шаҳрида боғчага қатновчи камида 50 нафар бола овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд қилинишича, шаҳардаги 2-, 7- ва 47-сон мактабгача таълим ташкилотларининг тарбияланувчилари тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин соҳасида оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
Дастлабки эпидемиологик суриштирувда ушбу боғчаларда болалар истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар ўрганилган. Жумладан, нонушта, тушлик ҳамда кечки тамаддида истеъмол қилган маҳсулотлари, ушбу маҳсулотларни етказиб берувчилар аниқланган.
Исломий банк фаолияти учун илк лицензия берилди
Марказий банк «Open bank» акциядорлик жамиятига исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун биринчи лицензияни берди. Мазкур лицензия «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 5¹-моддасида назарда тутилган исломий молия операцияларини қамраб олади.
Ислом банк анъанавий кредитлаш ўрнига устама савдо, ижара ва инвестициядан олинган фойдада иштирок этишдан фойдаланади. Бунда уларнинг фаолияти фойда олишга қаратилган бўлиб, ислом молия стандартлари талабларига бўйсунади.
Марказий банк фуқароларга банк хизматларидан фойдаланишдан аввал унинг тегишли лицензияга эга эканини регуляторнинг расмий сайти орқали текширишни тавсия қилди.
Сирдарёда қўш қотиллик содир этган аёлга ҳукм ўқилди
Сирдарё вилояти, Ширин шаҳарчасида кундоши ва унинг қизларини пичоқлаган аёл жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Millar дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 29 ёшли Н.Х. 6 йилдан буён эркак билан шаръий никоҳда яшаб келган. У эрининг қонуний никоҳидаги турмуш ўртоғи фарзандли бўлгани, ўзига эса фарзанд кўришга рухсат берилмагани ортидан доим жанжаллашган. Н.Х. 2026 йил 29 апрел куни ўз уйидан ошхона пичоғини олиб, эркакнинг хонадонига борган ҳамда унинг қонуний аёли ва фарзандларига ҳужум қилган. Оқибатда аёл ва бир фарзанди ҳаётдан кўз юмган.
ЖИБ Ширин шаҳар суди ҳукми билан Н.Х. қасддан одам ўлдириш ва қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш жиноятларини содир этишда айбли деб топилди ва 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тўққиз ойда 10 мингдан ортиқ газбаллон талон-торож қилинди
2025 йил ва 2026 йилнинг дастлабки 9 ойида «Ҳудудгазтаъминот» комплаенс назорат тузилмалари томонидан 3 мингдан ортиқ тўсатдан текширув ва рейд тадбирлари ўтказилиб, жами 1217 та қоидабузарлик аниқланган.
Шу даврда суюлтирилган газни ноқонуний сотишга ихтисослашган 471 та «бункер» аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган.
2026 йилнинг 9 ойида «Ҳудудгазтаъминот» комплаенс назорат тузилмаларидаги хизмат текширувлари давомида 1,4 минг тонна суюлтирилган газ ва 10626 дона маиший газбаллони талон-торож қилингани аниқланган.
Ҳуқуқий баҳо бериш учун 25 та материал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиб, улар асосида 19 та жиноят иши қўзғатилган.
















