Фарғонада 105 боланинг заҳарланиш иши: айбдорларга ҳукм ўқилди
Фарғонада 105 нафар боғча боласининг оммавий заҳарланишига сабаб бўлган «Garden catering trade» МЧЖ раҳбари, директори, технологи ва ҳисобчиси судланди.
2026 йил 20 февралда болаларга етказиб берилган гўштли дўлма таркибидан Salmonella ва Staphylococcus aureus бактериялари аниқланган. Текширувда жамият ошхонасидан олинган намуналарда ҳам хавфли бактериялар топилган.
Суд ҳужжатларига кўра, жамият мансабдорлари сохта ҳисоботлар орқали бюджет маблағларини ўзлаштириш, ўғрилик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда ҳам айбли деб топилган. Уларга 3 йилдан 3 йил 6 ойгача озодликни чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган ва суд залида озод қилинган.
«Garden catering trade» Фарғона вилоятидаги 238 та давлат боғчасига овқат етказиб бериш бўйича шартномалар тузган. Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги компаниянинг тендерсиз танланишини қонунбузилиш деб топган, бироқ ҳокимлик бу ҳолатни бартараф этиш чораларини кўрмаган.
«Док-1 Макс» жабрланувчиларига компенсация тўлиқ тўлаб берилмоқда
«Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларидан жабрланган оилаларга компенсация тўлаш учун давлат бюджетидан 65,2 миллиард сўм ажратилди.
Аввалроқ 90 нафар жабрланувчига жами 82 миллиард сўм компенсация тўлаш белгиланган, аммо маблағнинг фақат 16,8 миллиард сўми тўланган эди.
Ҳозиргача 88 нафар жабрланувчига жами 80 миллиард сўм тўлаб берилди. Шундан 72,2 миллиард сўм вафот этган 72 нафар боланинг оилаларига, 7,8 миллиард сўм эса даволанган ва даволанаётган 16 нафар боланинг оилаларига берилди.
Қолган 2 миллиард сўм банк карталари билан боғлиқ техник масалалар ҳал этилгач, яна икки нафар боланинг оилаларига тўланади.
Президент Шавкат Мирзиёев компенсация тўловларини тезлаштириш бўйича топшириқ берган. Бюджетдан ажратилган маблағ айбдорларнинг мол-мулкини сотиш ва улардан ундирилган пуллар ҳисобидан давлатга қайтарилади.
















