Президент тиббиёт соҳаси вакилларига қўшимча устамалар эълон қилди

Шавкат Мирзиёев 27 октябр куни Кўксарой қароргоҳида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашди. Давлат раҳбари соҳа вакилларини моддий рағбатлантириш бўйича янги чораларни эълон қилди.

Жумладан, энг яхши шифокор ва ҳамшира номинациялари бўйича вилоят танловлари ўтказилади, ғолиблар 30 миллион сўмдан мукофотланади. Келаси йил вилоят босқичида ғолиб бўлган 14 нафар шифокор электромобил билан тақдирланади.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қиладиган энг яхши ўнта лойиҳа муаллифига 200 млн сўмдан грант берилади.

Бакалавриатни битирган ҳамшира ва тиббиёт оғасига 1,5 млн сўм, магистратурани тугатганларга 2,5 млн сўм қўшимча устама тўланади. Оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа мутахассисига устама 5,5 млн сўм бўлади.

2027 йилдан олийгоҳларда тор соҳа мутахассислиги бўйича ўқиш – резидентура бепул бўлади. Талабаларга 3 млн сўм стипендия тўланади.

Ўзбекистонда Google Pay ва Apple Pay контактсиз тўловлар хизмати ишга тушди

27 октябр куни Ўзбекистондаги бир қатор банк иловаларида банк картасини Apple Pay ва Google Pay тизимларига улаш имконияти пайдо бўлди.

Google Pay ва Apple Pay — бу смартфон ёки ақлли соат ёрдамида харидларни контактсиз тўлаш хизматларидир.

Google Pay — Google компаниясининг тўлов хизмати ва Android қурилмаларида ишлайди. Тўловни амалга ошириш учун одатда Google Wallet иловасидан фойдаланилади.

Apple Pay — Apple компаниясининг тўлов хизмати. iPhone, Apple Watch ва бошқа мос келувчи Apple қурилмаларида ишлайди.

Бу қандай ишлайди? Фойдаланувчи банк картасини электрон ҳамёнга қўшади, сўнгра қурилмани контактсиз тўловни қўллаб-қувватлайдиган терминалга яқинлаштиради.

Тошкентда ҳафта охирига қадар ҳаво ифлосланиши кучайиши мумкин

Тошкентда ҳафта давомида ёғингарчиликсиз, нисбатан илиқ об-ҳаво кузатилади. Бироқ бундай метеорологик шароит атмосфера ҳавосида ифлослантирувчи моддалар тўпланишига олиб келиши мумкин.

Гидрометеорология хизмати агентлигининг 26 октябрь куни хабар беришича, пойтахтда кундузи ҳаво ҳарорати 18–20 даража, кечаси эса 8–10 даража атрофида бўлади. Шу билан бирга, 1 ноябрга қадар атмосфера инверсияси кузатилиши кутилмоқда.

Ёғингарчиликнинг йўқлиги, шамолнинг сустлиги ва инверсия ҳодисаси ҳавонинг табиий тозаланишини секинлаштириши мумкин. Натижада чанг заррачалари ва бошқа ифлослантирувчи моддалар миқдори ошиши ёки юқори даражада сақланиб қолиши эҳтимоли бор.

Ҳукумат ёпиқ қарор билан шакар импортини чекламоқда, бу нархларга таъсир қилади

2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати корхоналари учун оқ шакар импортига квоталар жорий этилади. Квоталарнинг умумий ҳажми йилига 300 минг тоннани ташкил этади. Бу Вазирлар Маҳкамаси қарорида назарда тутилган.

Ҳужжат жамоатчилик учун ёпиқ бўлиб, унда квоталар уч йўналиш бўйича тақсимланиши белгиланган:

ичимликлар ишлаб чиқарувчиларга — 100 минг тонна;

қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга — 100 минг тонна;

бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга — 100 минг тонна.

2027 йил 1 январдан давлат ташкилотлари ва корхоналари оқ шакар харид қилишда биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини сотиб олади. Давлат захиралари ҳам айнан шу корхоналар ҳисобидан шакллантирилиши ва маҳсулотларнинг бутун ҳажми биржа орқали сотилиши белгиланган.