Тошкентда қурилиш сабаб қабристондаги қабртошлар шикастланди

Тошкентдаги собиқ шампан заводи ҳудудида олиб борилган қурилиш ишлари туфайли объектни Боткин қабристонидан ажратиб турган девор қулаб тушди. Оқибатда қабристоннинг 15-сектори охирги қаторидаги бир нечта қабртош шикастланган. Ҳолат юзасидан пойтахт ҳокимлиги ўтказган ўрганишларда қабрлар очилмагани аниқланган.

«Қоидабузарликлар билан олиб борилган қурилиш ишлари тўхтатилди, масъул шахслар аниқланди. Ҳодиса тафсилотлари ва масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Айбдорлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади», — дейилади ҳокимлик муносабатида.

Қурилиш буюртмачиси ва пудратчи ташкилотга девор қулашининг оқибатларини бартараф этиш ҳамда шикастланган қабртошларини тиклаш мажбурияти юклатилган. Ташкилот вакиллари узр сўраб, ишларни ҳафта охиригача якунлашини билдирган.

Пора сифатида компютер олган амалдор қамалди

Жомбой тумани экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган шахс жиноий жазога тортилди.

Суд ҳукмига кўра, 39 ёшли Ж.Р. туманнинг Зарафшон маҳалласида 100 тупга яқин терак кесилгани ҳолати бўйича чора кўрмаслик, табиатга етказилган зарарни камайтириш ҳамда транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига нархи 11 млн сўм бўлган компютер жамланмасини (моноблок) талаб қилган.

У 26 июн куни ўз хизмат хонасида моноблокни пора тариқасида олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.

Суд ҳукми билан у 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

3 мингдан зиёд газбаллон ноқонуний муомаладан олинди

19–21 октябр кунлари республика бўйлаб ДХХ томонидан ўтказилган рейдларда суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ 120 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Уларнинг 39 тасида газ идоралари ходимларининг бевосита алоқадорлиги қайд этилган. Тадбирларда 3 мингдан зиёд газбаллон ва 13 тоннадан зиёд суюлтирилган газ ашёвий далил сифатида олинган.

Тадбирлар аҳоли учун ажратилган газбаллонларини ноқонуний сақлаш ва қиммат нархларда сотиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган. Хабарда айрим соҳа ходимлари фуқаролар билан тил бириктириб, газ таъминотидан шахсий даромад олишга урингани айтилган.

ДХХ бундай рейдлар мунтазам давом эттирилишини маълум қилди.

«Ташаббусли бюджет» бўйича намунали ва қониқарсиз ҳудудлар маълум бўлди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет»даги фаоллик ва самарадорликни ҳудудлар кесимида акс эттирувчи рейтингни эълон қилди.

Маълум бўлишича, Бухоро вилояти максимал 100 баллдан 86,6 балл тўплаган ва ташаббусли бюджетлаштириш бўйича энг намунали ҳудудга айланган. Иккинчи ўриндаги Наманган вилояти 83,6 балл тўплаган. Фарғона, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳам 77 балл билан юқори ўринларни эгаллаган.

Сўнгги ўриндаги Андижон вилоятининг натижаси бошқа ҳудудларникидан кескин фарқ қилади: 55,3 балл. Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳам умумий «сариқ» тоифага тушган.

Тошкент ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналар учун янги экологик талаблар белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тошкент шаҳри ва унга туташ айрим ҳудудларда жойлашган иссиқхоналар учун махсус экологик тартиб жорий этилди. Жумладан, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари махсус экологик тартиб амал қиладиган ҳудуд этиб белгиланди.

Мазкур ҳудудлардаги иссиқхоналар иситиш учун табиий ва суюлтирилган газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланиши мумкин.

Кўмир, брикет ва биомасса пеллетларидан фойдаланаётган иссиқхоналар 2026 йил 1 декабрга қадар иситиш тизимини юқоридаги энергия манбаларига ўтказиши лозим. Бироқ белгиланган экологик талабларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида бажарилса, қаттиқ ёқилғидан фойдаланишга ҳам рухсат берилади. Хусусан, қозон қурилмалари ёқилғи узатиш ва ёниш жараёнини автоматик бошқариш тизими ҳамда чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозланиши шарт.