2026 йилда Европа ва Марказий Осиё минтақасининг ривожланаётган давлатларида иқтисодий ўсиш 2025 йилдаги 2,6 фоиздан 2,2 фоизгача секинлашади, бунга энергия нархларининг ошиши, геосиёсий кескинлик ва савдо ҳамкорларидан келаётган талабнинг заифлашуви сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон банкининг «Сунъий интеллектни қандай ишга солиш керак: иш ўринлари, компаниялар ва унумдорлик» ҳисоботида келтирилган.
Марказий Осиё энг тез ўсувчи субминтақа бўлиб қолмоқда. 2026 йилда ушбу ҳудудда ўсиш 5,8 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Бунда барқарор ички талаб ва транспорт ҳамда энергетикага йўналтирилган давлат инвестициялари ҳисобга олинган.
Ўзбекистонда реал ЯИМ ўсиши 2025 йилда 7,7 фоизни ташкил этди, 2026 йилда эса 7,9 фоизгача тезлашиши кутилмоқда — бу минтақадаги энг юқори прогноз. Иқтисодий юксалиш барқарор ички талаб, реал иш ҳақининг ўсиши, бандликнинг ортиши, пул ўтказмаларининг кўпайиши ва давом этаётган таркибий ислоҳотлар билан боғлиқ.
Хусусан, 2026 йилнинг биринчи ярмида пул ўтказмалари ҳажми 13 фоизга ошиб, рекорд даража — 9,2 миллиард долларга етган. Бунда барча ўтказмаларнинг 70 фоизи Россиядан юборилган. Олтин ҳисобга олинмаганда экспорт Хитой ва қўшни Марказий Осиё мамлакатлари билан савдонинг кенгайиши туфайли қарийб 30 фоизга ошган.
Ҳисоботнинг сунъий интеллектга бағишланган махсус бўлимида таъкидланишича, СИ минтақа уни ўзлаштиришга улгураётганидан тезроқ тарқаляпти. Ҳар беш ишчидан бири, асосан ёш ва юқори маълумотлилар, СИ сезиларли даражада таъсир кўрсатадиган касбларда ишлайди. Бироқ ҳозирда фақатгина ўнта корхонадан бири уни оддий вазифаларни бажариш учун ишлатмоқда.
Маълумот учун, Жаҳон банкининг апрел ойидаги ҳисоботида Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш 2026 йилда 6,4 фоизни ташкил этиши келтирилганди.
Жаҳон банки 2026 йилдаги Ўзбекистон иқтисодий ўсиш прогнозини 7,9 фоизгача оширди
17:379092 мин
Жаҳон банки жорий йил учун Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишини 6,4 фоиздан 7,9 фоизгача оширди. Прогнознинг яхшиланиши барқарор ички талаб, реал иш ҳақининг ўсиши, бандликнинг ортиши, пул ўтказмаларининг кўпайиши ва давом этаётган таркибий ислоҳотлар билан боғланган.











