Синов учун аввал АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари фойдаланган, кейинчалик экипажсиз бошқарувга мослаштирилган кема танланган.

HD Korea Shipbuilding & Offshore Engineering — HD KSOE уни VAone автоном бошқарув мажмуаси билан жиҳозлаган. Anduril эса вазифаларни мустақил бажаришга мўлжалланган Lattice платформасини тақдим этган.

Икки тизимнинг биргаликдаги иши кеманинг денгиздаги вазиятни ҳисобга олиб ҳаракатланиши ва топшириқ шартлари ўзгарганда ўз ҳаракатларини мослаштиришини намойиш этган.

Синовлар давомида сафда ҳаракатланиш ҳамда ускуналар ишдан чиқиши имитация қилинган фавқулодда вазиятлар машқ қилинган. Мутахассислар кеманинг техник носозликлар ва эҳтимолий шикастланишларга қандай жавоб беришини, бундай шароитда вазифалар бажарилишини назоратда сақлай олишини баҳолаган.

Операторлар ва кузатувчилар жараённи қирғоқдаги бошқарув пунктидан масофадан кузатган. Тўғридан тўғри видеотрансляция кема ҳаракатларини кўриш ва унинг доимий инсон аралашувисиз ишлашини баҳолаш имконини берган.

Намойиш этилган технологиялар келажакда АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари операцияларида қўлланиши мумкин. Синов HD Hyundai ва Anduril’нинг Америкадаги экипажсиз сув усти кемалари дастурларида иштирок этиш имкониятларини кучайтиришга қаратилган.

Компаниялар бундай денгиз платформаларига талаб ортиб бораётгани фонида халқаро бозордаги фаолиятини ҳам кенгайтиришни режалаштирмоқда.