«Дунё» ахборот агентлигининг Austria интернет нашрига таяниб хабар беришича, IMC Krems университети ва Ўзбекистон Касбий таълим агентлиги ўртасида кенг кўламли таълим ҳамкорлиги тўғрисида келишув имзоланган.
Янги марказларда туризм соҳаси учун малакали мутахассислар ва ўқитувчилар тайёрланади. Таълим сифатини халқаро стандартлар асосида ошириш ҳам лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланган.
Марказларда ўқув меҳмонхоналари ташкил этилади. Талабалар уларда меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхона хўжалигини юритиш ва ресторан хизмати бўйича амалий кўникмаларни эгаллайди.
Маҳаллий ўқитувчиларни Train-the-Trainer, яъни тренерларни тайёрлаш модели асосида ўқитиш ва сертификатлаш ҳам режалаштирилган. Бу орқали Австрия тажрибасини Ўзбекистон касбий таълим тизимига кенгроқ жорий этиш кўзда тутилмоқда.
IMC Krems университети Ўзбекистонда аввалдан ҳам таълим лойиҳаларида иштирок этиб келади. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликдаги дастурларда 200 нафардан ортиқ талаба Австрия университети стандартлари асосида таҳсил олмоқда.
Янги марказлар туризм соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва битирувчиларнинг ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Хабарда марказларнинг очилиш санаси ва қабул шартлари келтирилмаган.














