DW хабарига кўра, Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бошқармаси 12 октябр куни Ар-Риёд аэропортига бир кун аввал берилган зарба оқибатларини маълум қилган.
Ҳужумда асосан ички рейсларга хизмат кўрсатувчи 3- ва 4-терминаллар мажмуаси зарар кўрган. Ёнғин чиққан, бинога етказилган моддий зарар кўлами аниқланмоқда.
AP агентлиги маълумотига кўра, Қирол Холид аэропорти сўнгги беш кун ичида тўрт марта ҳужумга учраган. У 10 октябрдаги ракета зарбасидан буён ёпиқ қолмоқда.
Ўша — 10 октябрдаги алоҳида ҳужумда 13 киши ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ одам жароҳатланган. AP уни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён Форс кўрфазидаги араб мамлакатларида энг кўп қурбон келтирган ҳужум деб таърифлаган.
Саудия расмийларининг маълумотига кўра, 11 октябр куни Даммам шаҳри яқинидаги Қирол Фаҳд халқаро аэропорти ҳамда Saudi Aramco компаниясининг иккита объекти ҳам ҳужумга учраган.
Йўловчилардан бири Reuters’га снаряд учиш-қўниш йўлагига, тўхтаб турган бир нечта самолёт яқинига тушгани ва ёнғин келтириб чиқарганини айтган.
Аввалроқ ҳусийчилар Саудия Арабистони ҳаво ҳудудини «ҳарбий амалиётлар зонаси» деб эълон қилиб, авиалайнерларни бу ҳудуддан четлаб ўтишга чақирган эди.
Минтақадаги кескинлик сентябр бошида кучайган. Ўшанда ҳусийчилар Саудия Арабистони жанубидаги тўртта шаҳарга зарба берган. Ҳужумларда 70 дан ортиқ киши жабрланган, нефт объектларида ёнғинлар чиққан.
Бунга жавобан Саудия Арабистони хусийчилар назоратидаги бир нечта вилоятга 60 дан ортиқ авиазарба берган.
Айни пайтда ҳусийчилар Яманда Қизил денгиз соҳили устидан назоратни кенгайтиришга қаратилган ҳужумларни ҳам кучайтирган. Жумладан, Моха шаҳрининг эгалланиши Боб ал-Мандаб бўғози орқали ўтувчи савдо йўллари хавфсизлигига оид хавотирларни оширган. Ҳусийчилар раҳбарияти бўғоз Саудия Арабистони кемалари учун ёпиқлигини ҳам эълон қилган.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция 19 сентябр куни ҳусийчилар Ар-Риёдга баллистик ракета билан зарба беришга уринганини билдирган эди. Коалиция вакили Турки ал-Маликий ўшанда ракета тутиб қолиниб, йўқ қилинганини маълум қилган.














