Президент Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Тошкент шаҳрида маҳаллаларни ободонлаштириш, янги мактаб ва боғчалар қуриш ҳамда шаҳар муҳитини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Яшнобод туманидаги Ватандош, Моҳинур, Ал-Бухорий ва Тонг маҳаллаларини комплекс янгилаш лойиҳаси тақдим этилди. Уларнинг умумий майдони 75 гектар бўлиб, бу ерда 18 минг 386 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Лойиҳа «15 дақиқалик маҳалла» тамойилига асосланган. Унга кўра, аҳоли учун зарур савдо ва маиший хизматлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, дам олиш ҳамда спорт масканлари одамларга қулай масофада жойлаштирилади.
Ҳудудда яшил майдонларни кенгайтириш, уч километрлик сайр йўлагини ташкил этиш, болалар ва спорт майдончаларини янгилаш, кўп тармоқли спорт иншоотини барпо этиш режалаштирилган. Мавжуд мактабларни кенгайтириш ҳисобига 2 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратиш, 540 ўринга мўлжалланган тўртта боғча ва учта поликлиника ташкил этиш ҳам назарда тутилмоқда.
Маҳаллаларда автомобилларни ҳовлилардан ташқарида жойлаштириш, жамоат транспорти бекатларини янгилаш, хавфсиз пиёда ва велосипед йўлакларини барпо этиш таклиф қилинди. Шунингдек, 76 та уйнинг ташқи кўриниши ва муҳандислик тармоқларини янгилаш, кўчаларни ёритиш, чиқинди йиғиш шохобчаларини кўпайтириш кўзда тутилган. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кафе ҳамда аҳоли мулоқот қилиб, ҳордиқ чиқарадиган жойлар ташкил этилади.
«15 дақиқалик маҳалла» тамойили асосида пойтахтда 2027 йилда 100 та, 2030 йилга қадар эса 400 та маҳалла комплекс янгиланади. Бу жараёнда ушбу маҳаллалардаги барча инфратузилма, жумладан, иссиқлик, ичимлик суви, канализация, электр энергияси, газ ва ёритиш тизимлари, кўп квартирали уйлар фасадлари, йўл ва йўлаклар, болалар ва спорт майдончалари тўлиқ янгиланади. Маҳаллаларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган дарахт ва буталар сони халқаро стандартларга мослаштирилади.
2030 йилга қадар 400 та маҳаллада 130 мингта янги иш ўрни яратилади, хусусан, 2027 йилда 100 та маҳаллада 22 мингта. Бунинг учун банклар томонидан “конвейер” лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш тизими йўлга қўйилади.
Пойтахтда аҳоли сони ўсиши билан ўқувчи ўринлари танқислиги ортиб бормоқда. 2025-2026 ўқув йилида у 141 мингтани ташкил этган бўлса, кейинги беш йилда ўқувчилар сони 71 мингтага (14 фоиз) кўпайиши ҳисобига 2030-2031 ўқув йилига бориб, 212 мингтага етиши мумкин. Шу боис, 2030 йилгача республика бюджети ҳисобидан 48 мингта, маҳаллий бюджет ҳисобидан 78 мингта янги ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилган. Натижада мактабларнинг юкламаси ҳозирги 1,4 коэффициентдан 2030 йилда 1,2 гача пасаяди.















