DW хабарига кўра, Россия Ташқи ишлар вазирлиги 13 октябр куни журналист Федерал хавфсизлик хизмати — ФХХ томонидан ушланганини маълум қилган. Имаи Юки Россия ТИВ аккредитациясига эга бўлган.
«Интерфакс» ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга таяниб, шу куни Москванинг Лефортово суди мухбирига нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаганини хабар қилган. Унинг «Лефортово» тергов ҳибсхонасида сақланиши кутилмоқда.
ФХХ талқинига кўра, журналист Россия мудофаа қобилиятига алоқадор маълумотларни Япония разведкаси топшириғи асосида тўплаган ва сақлаган. Россия махсус хизмати бу маълумотлар мамлакат хавфсизлигига қарши фойдаланиш учун етказилиши кўзланганини даъво қилмоқда.
Хусусан, ФХХ Имаи Юки Курил оролларида Украинага қарши урушга сафарбар қилинганлар ва кўнгиллилар сони ҳақида маълумот тўплаган деб ҳисобламоқда.
Россия ТИВ эса Токио Россиядаги хорижий журналист мақомига эга мухбири орқали хавфсизликка дахлдор маълумотларни олишга уринганини даъво қилган. Келтирилган хабарда Япония томони ёки журналист таҳририятининг ушбу гумонларга муносабати берилмаган.
«Интерфакс» маълумотига кўра, жосуслик моддаси бўйича айби исботланса, журналистга 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
«Осторожно, новости» Telegram канали Имаи Юки камида 2014 йилдан буён Россияга келиб тургани ва Санкт-Петербург давлат университетида ўқиганини ёзган. Унинг ўша даврдаги ижтимоий тармоқ саҳифаларида Россия театрлари, музейлари ва консерваторияларидан олинган суратлар бўлган.
Мухбир Hokkaido Shimbun учун Хабаровскда Япония устидан ғалаба ва Иккинчи жаҳон уруши тугашига бағишланган ёдгорлик очилиши, Давлат думаси сайловлари ҳамда Россия ва Шимолий Корея муносабатлари ҳақида материаллар тайёрлаган.
Канал маълумотига кўра, унинг сўнгги мақоласи 5 октябр куни чоп этилган. Южно-Сахалинскдан тайёрланган ушбу репортажда минтақадаги Шимолий Корея фуқаролари ҳақида сўз борган.















