Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраевга тадбиркор болта билан ҳужум қилган. Бу ҳақда Kun.uz манбалари хабар бермоқда.
Манбага кўра, воқеа кеча, 14 октябр куни пахта қабул қилиш масканида содир бўлган. Тадбиркор ҳокимнинг масканга келишини кутиб турган. Хуррам Жўраев келгач, унинг ортидан болта билан зарба берган.
Маълум бўлишича, ҳоким ва тадбиркор ўртасидаги зиддият тадбиркорнинг дўконини бузиш масаласида келиб чиққан. Ҳокимлик дўконни буздириш масаласида судга даъво киритган. Аммо суд тадбиркор фойдасига қарор чиқарган. Кейин низоли иш бошқа туман судига ўтказилган ва ҳокимлик даъвоси қаноатлантирилган.
Шундан сўнг ҳокимлик тадбиркорга бир ҳафта муҳлат бериб, дўконни бузиб ташлашни талаб қилган.
Манбанинг қўшимча қилишича, ҳозирда Хуррам Жўраев шифохонада қолмоқда. Унинг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда.
ИИВ матбуот хизмати ҳодиса содир бўлганини тасдиқлади ва прокуратура ўрганиш олиб бораётганини маълум қилди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов “аниқ тафсилотлардан хабардор эмас”лигини айтди. Kun.uz Бош прокуратура ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўров юборди.
Эслатиб ўтамиз, Хуррам Абдуразикович Жўраев 2022 йил 19 апрелдан буён Кўкдала тумани ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда.















